Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:27

Президент таклифи кўтар-кўтар қилиняпти


Фаридун 29 апрель куни Тошкентнинг “Интерконтинентал” меҳмонхонасида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Афғонистон масаласи бўйича “6+3” гуруҳини ташкил этиш таклифини қўллаб-қувватлашга бағишланган халқаро анжуман иш бошлади.

“Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланиш муаммолари” номли ушбу тадбир Гулнора Каримовага қарашли икки ташкилот - Минтақавий сиёсат жамғармаси ва Сиёсий тадқиқотлар маркази томонидан ташкиллаштиришган.

Баъзи мустақил кузатувчилар ва журналистлар томонидан “Ўзбекистон президентининг пиар кампанияси”, деб аталган бу анжуманни уюштиришда АҚШнинг Халқаро ривожланиш агентлиги, Янги демократиялар институти ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси кўмаклашган.

Анжуманда Марказий Осиё давлатлари, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Хитой, Испания, Исроил, АҚШ, Буюк Британия, Туркия, Германия, Россия, Бельгия ва бошқа давлатлардан келган сиёсатшунослар, экспертлар ва таҳлилчилар иштирок этмоқда.

Тадбирнинг биринчи кунидан Хитой, Россия, Германия делегациялари вакиллари Ўзбекистон президенти НАТОнинг Бухарестдаги саммитида қилган “6+3” таклифини олқишлашга тушди.

Улар Афғонистон бўйича қўлланилаётган “6+2” ҳамкорлик формати (Афғонистон, Марказий Осиёнинг беш давлати + АҚШ ва Россия) ҳозирги кун талабларига жавоб бера олмаётгани, унинг ўрнига Ислом Каримов таклиф қилган “6+3” (Афғонистон, Марказий Осиёнинг беш давлати + АҚШ, Россия ва НАТО) формати айни муддао бўларди, деган фикрни бод-бод такрорламоқда.

Жумладан, россиялик Виталий Наумкин, Алексей Власов, англиялик Ширин Акинер, исроиллик Александр Цинкер ва Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Афғонистонлик бир қанча сиёсатшунослар Ислом Каримовнинг нақадар доно таклифни илгари сурганини такрорламоқда.

НАТОнинг шу йил апрелда Руминия пойтахти Бухарестда бўлиб ўтган саммитида Ўзбекистон президенти Афғонистон бўйича қўлланилаётган “6+2” ҳамкорлик форматини “6+3” форматига алмаштиришни таклиф қилганди.

Ўшанда бу таклиф саммит иштирокчилари томонидан илиқ қабул қилинмаганди. Чунки, биринчидан, Ўзбекистон президенти ўз таклифини протокол қоидаларига кўра, саммит бошланишидан бир ой олдин эмас, балки шу қоидаларга зид равишда саммитнинг ўзида, тағин унда қилган нутқида даб-дурустдан эълон қилганди. Иккинчидан эса НАТОнинг ўзи ҳам бу таклифни унчалик хушламаяпти, Афғонистон бўйича расмий жавобгарга айлангиси келмаяпти.

Каримовнинг бу таклифини НАТО саммити иштирокчилари: “Атиги бир сенсация тақдим қилишга уриниш”, деб баҳолаганди ўшанда.

Шу сабабдан бўлса керак, Каримов ҳукумати ва унинг қизига тегишли Минтақавий сиёсат жамғармаси ва Сиёсий тадқиқотлар маркази НАТО саммитидан бир ой ўтар-ўтмас, Ўзбекистон президентининг таклифини дастаклашга қаратилган анжуман уюштирди, унга амалдаги ҳукуматни қўлловчи шахсларни таклиф қилди.
XS
SM
MD
LG