Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:47

Ўзбеклар қотиллик қурбони бўлди


Куни-кеча Россиянинг Москва вилоятида содир этилган жиноятлар қурбони бўлган ўзбекистонлик уч фуқаро бир хил жароҳат оқибатида оламдан ўтгани аниқланди.

Маълумотларга кўра, биринчи қотиллик 29 апрель куни Москва вилоятининг Химки шаҳри яқинидаги Ивакино қишлоғида содир этилган. 32 ёшли Ўзбекистон фуқароси бўйнига пичоқдан етказилган шикаст оқибатида оламдан ўтган. Ҳозир ушбу қотиллик бўйича Химки шаҳри ИИБ текширув ўтказмоқда.

Ўтган сешанбада маҳаллий вақт билан тахминан 20:30да Подмосковьенинг Шелково шаҳри яқинида жойлашган Еськино қишлоғидаги қуриб битказилмаган уйдан ҳам ўзбекистонлик яна икки фуқаронинг жасади топилди. 23 ва 30 ёшда бўлгани айтилаётган ака-укалар ҳам бўйнига пичоқдан етказилган жароҳат оқибатида вафот этган. Ҳуқуқ-тартибот органлари Подмосковьеда ўлдириб кетилган уччала ўзбекистонликнинг исми-шарифини ҳозирча ошкор қилмади.

Москва вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари бу икки қотиллик рус миллатчилари томонидан миллий нафрат асосида содир этилган бўлиши мумкинлиги тахминини ҳам ўрганмоқда.

Ҳар йили Россиядаги ашаддий рус миллатчилари, яъни тақирбошлар рус миллатига мансуб бўлмаган фуқароларга ҳужум қилиши оқибатида ўнлаб одам ўлмоқда, юзлаб одам мажруҳ бўлиб қолмоқда.

Москвадаги СОВА ахборот таҳлилий маркази Россияда миллий нафрат асосида содир этилаётган жиноятлар ва ксенофобия муаммолари билан шуғулланади. Ташкилот раҳбари Галина Кажевникова Москва вилоятида уч ўзбекистонликни тақирбошлар ўлдиргани эҳтимолдан йироқ, деган фикрда.

“Чунки икки мурда хонадондан топилган. Бир киши пичоқлаб ўлдирилган. Бу жиноий мақсадда содир этилган қотилликка ўхшагани учун одатда биз бундай воқеаларни миллий нафрат асосидаги қотиллик сифатида қайд этмаймиз. Орган ходимлари қотиллик миллий нафрат асосида содир этилганини эҳтимолдан соқит қилмаётгани яхши, албатта. Биз қўшимча маълумотлар эълон қилинишини кутяпмиз. Шу боис, ҳозирча бу воқеани миллий нафрат асосида содир этилган қотиллик сифатида рўйхатга олганимиз йўқ. Одатда тақирбошлар одамни бундай тарзда ўлдирмайди”, – деди Галина Кажевникова.

Мустақил кузатувчилар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Россияда рус бўлмаган халқлар вакилларига нисбатан ашаддий рус миллатчилари содир этаётган жиноятлар муносиб жазоланмаётганини кескин танқид қилиб келмоқда.

“Фуқаровий кўмак” қўмитасининг Марказий Осиё дастури раҳбари Елена Рябинина бундай жиноятларга енгил жазо белгиланиши улар янада кўпроқ содир этилишига сабаб бўлишини айтади.

“Ҳақиқатан вазият ёмонлашяпти. Менимча, ёмонлашганда ҳам сезиларли ёмонлашяпти. Россия ҳукуматининг “бунга қарши курашиш керак” қабилидаги баёнотлари қуруқ гап бўлиб қоляпти. Чунки ҳокимият томонидан кўрилаётган чоралар Россияда таниқли бўлган “Ноқонуний миграцияга қарши ҳаракат” каби миллатчилик кайфиятига йўғрилган ташкилотларга қарши курашда самара бермаётгани яққол кўриниб турибди. Айни пайтда ҳукумат бундай ташкилотларга хайрихоҳ”, – дейди Елена Рябинина.
XS
SM
MD
LG