Линклар

Ваколатхона қочқинларни ушлаб беряптими?


24 апрель куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Андижондаги қонли воқеаларда иштирок этган террорчи сифатида овоза қилинган Рафиқ Раҳмонов қўлга олинганини маълум қилганди.

Ўша кундан бошлаб бир қанча маҳаллий оммавий ахборот воситалари ўзбек қочқини экстремистик ташкилот аъзоси бўлиб, у Андижондаги оммавий тартибсизликларда кўплаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган ҳаракатлар содир этгани ҳақида мақолалар бериб келмоқда.

Ўзбекистонлик аксар ҳуқуқ ҳимоячилари сўзларига кўра, Рафиқ Раҳмоновни қоралаб мақола ёзаётган қозоғистонлик журналистларнинг кўпчилиги аслида Андижон воқеаларида иштирок этмаган ва оммавий тартибсизликлар тафсилотлари кенг жамоатчиликка ошкор бўлмаслиги учун бу воқеаларнинг бевосита гувоҳлари 3 йилдан буён Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан таъқиб қилиб келинаётганидан бехабар бўлиши мумкин.

Ўзбек қочқини Рафиқ Раҳмонов ҳақида мақола чоп этган нашрлар орасида Қозоғистондаги нуфузли “Литер” газетаси ҳам бор. “Озодлик” мухбири шу газетада чоп этилган “Андижонлик қочқин” мақоласи муаллифи Асқар Жалдиновга мурожаат қилиб, унинг айнан қайси манбалар ва маълумотларга таяниб, ўз мақоласида ўзбекистонлик қочқинни хавфли жиноятчи сифатида таърифлагани борасида қизиққанида у қисқа жавоб қайтарди: “Агар Олмаота шаҳри ички ишлар департаменти шундай расмий маълумотлар тарқатган бўлса, бизга қандай эътирозлар бўлиши мумкин?”

Ҳозир Олмаота шаҳри криминал полицияси тергов ҳибсхонасида сақланаётган Рафиқ Раҳмоновга ҳеч қандай адвокат берилмаган, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари эса унинг ёнига кириш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Кузатувчилар БМТ қочқинлар идорасининг Олмаота ваколатхонаси ўзбек қочқини аҳволидан хабар олиш учун Қозоғистон расмийларига унинг ёнига ўз ходими киритилиши талабини қўймаётгани ушбу нуфузли ташкилот обрўсига салбий таъсир этишини таъкидламоқда. Р.Раҳмоновнинг 3 йилдан бери Қозоғистонда яшириниб юргани айнан қочқин ваколатхонага мурожаат этганидан сўнг ҳуқуқ-тартибот идораларига маълум бўлгани бошпана сўровчиларнинг ваколатхонага ишончи йўқолишига олиб келиши мумкин.

“БМТ ваколатхонаси ўз номига янграётган айбловларга раддия бермаяпти, демак ваколатхона қочқинларни ҳуқуқ-тартибот идораларига сотаётганини инкор этмайди”,- дейди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Денис Живаго.

Р.Раҳмоновнинг Қозоғистондаги танишлари тергов ҳибсхонасида ушлаб турилган қочқиннинг олдига Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари келганини айтмоқда. Франциядаги “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” уюшмаси раҳбари Надежда Отаева шундай бўлгани бўлиши эҳтимолдан холи эмаслигини таъкидлади.

“Махсус хизматларнинг ўзаро ҳамкорлиги доирасида сўроқни Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан бирга ўтказган бўлиши ҳеч гап эмас. Унинг олдига адвокат қўйилмаётгани эса қочқинга жисмоний ва руҳий босим ўтказилаётгани туфайли бўлиши мумкин”,- деди Н.Отаева.
XS
SM
MD
LG