Линклар

Россия Абхазияга қўшимча куч киритди

  • Ҳасанжон

Грузиянинг исёнкор Абхазия ўлкасига жойлаштирилган Россиянинг тинчликпарвар кучлари сафига 1 май куни қўшимча аскарлар келиб қўшилди. Бироқ Тбилиси расмийлари Москванинг бу хатти-ҳаракатини кескин қораламоқда.

Мазкур воқеа боис, Грузия Ташқи ишлар вазирлиги пайшанба куни Россия элчиси Вячеслав Коваленкога норозилик нотаси топширди. Грузия расмийлари Москванинг бу хатти-ҳаракатини “ҳарбий агрессия акти”, деб атамоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги Абхазиядаги россиялик тинчликпарвар аскарлар сони 1994 йилда БМТ шафеълигида имзоланган ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги битимда кўзда тутилганидек, уч мингдан ошмаслигини билдирди. Дипломатлар Россия Абхазияга бир минг 200 аскардан иборат қўшимча куч жўнатишни режалаштирганини айтмоқда.

30 апрель куни НАТО матбуот котиби Жеймс Аппатурай Абхазияга Россиянинг қўшимча кучлари жойлаштиргани минтақадаги вазиятни янада мураккаблаштириши мумкинлигини билдирди.

“Россия Федерацияси МДҲ мандати доирасида Абхазиядаги ўз кучлари сонини кўпайтиришга ҳақли экани тўғрисидаги баёнот билан танишдим. Бу техник масала. Бироқ амалда, сиёсий воқеъликдан келиб чиқсак, бу кескинликни юмшатиш эмас, балки кескин вазият янада таранглашишига олиб келади”, – деди НАТО расмийси.

Россиялик генераллар Абхазиядаги тинчликпарвар кучлар сафига қўшимча аскар жўнатилиши 1990 йилдан бери ўз-ўзини бошқариб келаётган Абхазия ва Грузия ўртасида миллий низо асосида қон тўкилишининг олдини олишини таъкидламоқда.

Бироқ Грузия парламентининг мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Георгий Таргамадзе Россия Абхазия ва Жанубий Осетия можаросини тинч йўл орқали ҳал этиш ниятида эканига шубҳа билдирди.

30 апрель куни “Озодлик”ка берган интервьюсида Г.Таргамадзе Абхазия ва Жанубий Осетия масаласида Россия билан келишиш анча мушкул вазифа бўлиб қолаётганини айтди.

“Абхазия ва Жанубий Осетия можароларига ечим топишнинг реал имкониятлари мавжуд. Бошқа масала, бу муаммонинг Россия билан можаросиз ҳал қилишнинг гумонлигида. Чунки Россия амалда вазиятни юмшатиш учун чора кўришни рад қилиб келмоқда. Биз анча вақтдан бери мулоқот бошлашга чақириб келяпмиз. Яқинда президентларимиз ўртасида учрашув бўлди. Афсуски, бу учрашувдан кутилган натижа чиқмади. Россия бир мақсадга қаратилган агрессив сиёсат юритаётгани учун уни тинч йўлга солишнинг имкони бўлмаяпти”, – деди Георгий Таргамадзе.
XS
SM
MD
LG