Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:04

Сенаторнинг бор тақиқни қонунийлаштириш таклифи


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:b-X8L4niCXASWM:http://www.yuga.ru/media/internet.jpg “Фарғона.ру” ахборот агентлиги хабарига кўра, Тошкент давлат юридик институти ректори, сенатор Мирзаюсуф Рустамбоев Ички ишлар вазирлигига қарашли “Қалқон” журналига интервьюсида мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи Интернет сайтлари рўйхатини дарҳол тузиб, улар назорат остига олиниши кераклигини айтган.

Унинг фикрича, Интернет орқали тарқатилаётган маълумотларни назорат қилиш жуда муҳим вазифа ва уни амалга ошириш лозим.

Сенатор Интернет мафкуравий қуролга айланиб бораётгани ва ундан қонунларни ҳурмат қилувчи фуқаролар билан бир қаторда террорчилар ҳам фойдаланмоқда, деган ишончда.

Унинг фикрича, Интернет орқали тарқатилаётган кибернетик терроризм мамлакат иқтисодиётига зарар етказиши мумкин. Шунинг учун Интернет тармоғи орқали тарқатилаётган маълумотларни назорат остига олиш юзасидан қонунлар қабул қилиниши керак.

Айни пайтда халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда Интернет аллақачон ҳукумат томонидан қаттиқ назорат остига олинганидан бонг уриб келмоқда. “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти эълон қилган Интернет душманлари рўйхатидаги ўн беш давлат ичида Ўзбекистон энг ёмон ўринлардан бирини эгаллаган.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев Ислом дини, ўзбек маданияти, миллий қадриятларга зид, зўравонликларни тарғиб қилувчи ва шунга ўхшаш бошқа сайтларга кириш учун чеклов қўйиш тўғри эканини таъкидлаган ҳолда сенатор М.Рустамбоевнинг таклифи ортида бошқа мақсад кўзланганини таъкидлади.

“Албатта, порнографик ва қўпорувчиликни тарғиб қиладиган сайтлар ëпилган ва ëпилиши ҳам керак. Маънавият¸ қадриятни ўз ўрнига қўядиган сайтлар бўлиши керак. Агар қайсидир сайт шунга зид ахборот тарқатса, уларни беркитиш керак. Лекин Рустамбоев айтаëтгани - фақатгина сиëсий ахборотнинг Ўзбекистонга кириб келишини бундан ҳам баттар тақиқлаш. Бунга бир мисол келтириш мумкин. “Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлигининг Ўзбекистонда ишлаëтган мухбирларига ярим йилдан бери, бошқа ташкилотлар, жумладан, “Ҳьюман райтс уотч” вакилига аккредитация берилмаяпти. Буларнинг ҳаммаси катта сиëсатнинг бир кўриниши. Бу таклиф бежиз эмас. Бу Оқсаройда тасдиқланган ва кейинчалик амалга ошадиган таклиф”, – дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Ўзбекистонлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов М.Рустамбоев таклифи назарий жиҳатдан тўғри бўлиши мумкинлиги, аммо бу таклиф ортида Ўзбекистонга қарши “хуружлар”ни бартараф қилиш назарда тутилган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

“Илмий жиҳатдан тўғри бўлиши мумкин бўлган бу таклиф терроризмни тарғиб қиладиган ëки инсониятга қарши ижтимоий¸ жисмоний¸ сиëсий хуружларни тарғиб қиладиган сайтларга қарши қаратилган бўлиши мумкин. Лекин бу ерда Рустамбоев тўғри маънодаги¸ том маънодаги террор ғояларига қарши чиқяпти, деб ўйламайман. Бу одам, менимча, Ўзбекистонга нисбатан бўлаëтган қўштирноқ ичидаги ахборот хуружига қарши чиқяпти”, – дейди мустақил журналист.

Тошпўлат Йўлдошев таъкидича, сенатор миллий хавфсизликка таҳдид солувчи сайтлар, деб ҳукумат расмийлари хуш кўрмайдиган, Ўзбекистонга оид танқидий мақолалар чоп этиладиган сайтларни назорат остига олишни назарда тутган.

“Миллий хавфсизликка таҳдид солувчи сайтлар сифатида “Фарғона.ру”¸ “Центразия.ру”¸ “Ўзньюс.нет” ва шунга ўхшаш сайтларни назарда тутади. Бу сайтлар миллий хавфсизликка таҳдид солмайди, балки нотўғри сиëсат юритаëтган диктатор режимининг камчиликларини кўрсатиб, шу билан унга таҳдид солаëтган бўлиши мумкин. Лекин уларнинг танқидлари, асосан, мамлакат ичидаги бор камчиликларни йўқотиш¸ йўл қўйилган хатоларни тузатишга қаратилган. Уларнинг сайтларида, асосан, мамлакат тараққиëтини ва халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган мақола ва ахборотлар берилади. Энди Рустамбоев худди шу нарсаларни йўқ қилиш керак, яъни диктатор режимини фош этадиган¸ уни танқид қиладиган сайтлар ëпилиши керак, деган таклиф билан чиқяпти”,– деди Т.Йўлдошев.

Абдураҳмон Ташанов сайтларга кириш учун чеклов қўйиш орқали ахборот оқимини тўсиш имконсиз ва бу кутилган натижани бермаслигини билдирди.

“Ҳозир Ўзбекистонда Рустамбоевдан ташқари жуда кўп жамоатчилик вакиллари бунга ўхшаш таклифлар билан чиқади. Буни амалга ошириш механизми йўқ. Интернетни блок қилиш орқали Ўзбекистондаги айрим ўқувчилар тоифасини сайтлардан мосуво қилиш мумкин. Лекин том маънода бунинг олдини олиб бўлмайди. Ахборотни ҳеч қачон том маънода тақиқлаб бўлмайди. Ахборот худди ҳавога ўхшайди. Қаерда бўғилса, иккинчи томондан чиқиб кетади”, – дейди Абдураҳмон Ташанов.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозир Ўзбекистонда икки миллион 130 минг киши Интернетдан фойдаланади. Бу мамлакат аҳолисининг саккиз фоиздан кўпини ташкил этади. Ўзбекистонда Интернет хизмати кўрсатувчи қарийб 800 та рўйхатга олинган ташкилот фаолият юритмоқда.
XS
SM
MD
LG