Линклар

АҚШ элчихонаси секин-аста Минскдан қувилмоқда

  • Ҳасанжон

Беларус-АҚШ муносабатларида юзага келган таранг вазият давом этмоқда. Шу ҳафтада Беларус ҳукумати АҚШнинг Минскдаги элчихонасида ишловчи бир неча дипломатга 72 соат ичида мамлакатни тарк этишни буюрди.

Агар Беларус ҳукумати талабига биноан 10 дипломат Америкага қайтса, Минскдаги элчихонасида атиги тўрт дипломат қолади. Ҳолбуки, жорий йил бошида бу элчихонада 35 ходим фаолият юритаётган эди.

Пайшанба куни Ғарб ахборот агентликлари тарқатган хабарларда АҚШ Минск ҳукумати талабига жавобан ўз элчихонасини ёпиши ва Беларусдан Вашингтон ва Нью-Йоркдаги дипломатик идораларини ёпишни талаб қилишни режалаштираётгани билдирилган эди.

Бироқ 1 май куни Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Том Кейси вазиятга аниқлик киритишга ҳаракат қилди.

“Беларус Ташқи ишлар вазирлиги 30 апрель куни фавқулодда ва мухтор элчимизга америкалик 10 дипломат персона нон грата, деб эълон қилинганини маълум қилди. Улар дипломатлардан Минскни 72 соат ичида тарк этишни талаб қилди. Дипломатларимизга қўйилган бу талаб муддати расман шанба куни тугайди. Биз бу талабни белгиланган муддат ичида бажарамиз”, – деди АҚШ Давлат департаменти вакили.

Том Кейси Беларус ҳукумати хатти-ҳаракатига жавобан Вашингтон ҳозирча муайян чоралар ишлаб чиқмаганини билдирди.

“Биз уларни турли чоралар қўллашимиз мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирдик. Аксар ходимларимизнинг чиқариб юборилиши натижасида бу мамлакатдаги миссиямиз тўлиқ фаолият юритиши жуда қийин бўлади. Шунинг учун бу борада биз қўшимча чоралар кўришимиз мумкинлиги ҳақида уларни огоҳлантирдик”, – деди Том Кейси.

“Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлигининг Давлат департаментидаги манбага асосланиб маълум қилишича, АҚШ Минскдаги элчихонасини ёпишни ҳамда Беларусда Американинг манфаатларини ҳимоя қиладиган учинчи давлатни топишни режалаштирмоқда.
XS
SM
MD
LG