Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:45

Йўқ нарса байрам қилинади...ми?


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 1 май куни “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

Бу сана жаҳон бўйлаб декабрь ойида кенг нишонланади.

Фармонда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласи умумжаҳон декларациянинг барча қоидаларига мос келиши ҳақида айтилган. Ўзбекистон мустақиллик йилларида инсон ҳуқуқлари бўйича 60 та халқаро ҳужжатга қўшилган.

Фармонга кўра, йил давомида мамлакатда иисон ҳуқуқлари масаласида қатор тадбирлар ўтказилади.

Ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича ҳали бундай фармон қабул қилинганини эслай олмаслигини айтди.

“Инсон ҳуқуқлари амалда бўлса ҳам, бўлмаса ҳам, гап дастурларнинг амалга оширилишида. Ҳамма гап ўшанда. Ëмон десак, ëмон бўлиб кетаверади. Лекин бу ерда тадбирлар, дастурлар тўғрисида анча-мунча нарса бор. Очиқ дастурлардан биринчи иловасими, иккинчисими қисман амалга оширилса ҳам балки инсон ҳуқуқлари бўйича вазият озгина бўлса-да, яхшиланиб қолар. Биз шунга умид қиламиз”,- деди Р.Комилов.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Васила Иноятова бунга қўшилмайди. Унинг фикрича, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид қонунлар балки халқаро қонунлардан ҳам баъзи бир томонлари билан устундир, лекин...

“Уларнинг амалда ноль даражада экани бу ҳужжатлар фақат хўжакўрсинга, фақат қайси бир манфаатлар йўлига хизмат қилиши учун қабул қилинган, деган хулосани беради. Чунки биронта фармон ëки қонуний актлар умуман амалда қўлланилмаган. Уларнинг умуман аксини кўрасиз. Ҳар қандай жараëнда иқтисод, маданият, тиббиëт, сиëсат, инсон ҳуқуқлари ва бошқа қайси соҳага қараманг, ўша соҳадаги қонунлар амалда умуман ишламайди. Бундай қараганда, бу фармон ташқи кўринишда жуда гўзал, лекин аслида бу жаҳон жамоатчилигини чалғитиш, қанақадир ўзини очиқ жамиятни раҳбари сифатида кўрсатиш. Бу юқори трибуналарда туриб ëлғон гапиришдан бошқа нарса эмас. Мен бунақа тадбирлар ўтказилишига қаршиман, чунки булар фақат хўжакўрсинга ўтказиладиган ëлғон тадбирлар”,- деди В.Иноятова.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Суҳроб Исмоилов Ўзбекистондаги ҳамма қонунлар ҳам инсон ҳуқуқлари манфаатларини тўла ҳимоя қила олмаслиги айтиб, бунга фуқаролар мурожаатларини тўғрисидаги қонунни мисол келтиради. Бу қонун инсон ҳуқуқлари тамойилларига зид равишда тузиб чиқилган.

“Чунки фуқаро қайси бир давлат идораси ëки мансабдор шахс устидан тепадаги бошлиғига ëки юқори турувчи ташкилотга шикоят қилиб борадиган бўлса, қонунда шунақа нотўғри механизм жорий этилганки, шикоятни қабул қилаëтган ташкилот ëки тепада турувчи юқори орган шикоятни шикоят қилинган ташкилотнинг ўзига қайтариб юборади. Шикоятни кўриб чиқиб шикоятчига жавоб қайтаринг, деган мазмундаги хат билан ўзидаги мажбуриятни соқит қилиб ташлайди. Мана шу ҳам фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига жуда катта сабаб бўляпти”,- деди С.Исмоилов.

Фармонда Ўзбекистонда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, судлар томонидан фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чора-тадбирлари изчил жорий этилаётгани айтилса-да, Суҳроб Исмоилов бошқача фикрда.

“Қачонки, судлар ижро ҳокимияти томонидан тайинланар экан, ўша мамлакатда судлар мустақил бўла олмайди. Чунки судя бевосита ўзининг яна кейинги муддатга шу лавозимга тайинланишини кутиб яшайди ва шу илинжда яшаган одам мустақил равишда ишларни кўра олмайди”,- дейди С.Исмоилов.
XS
SM
MD
LG