Линклар

logo-print

Меҳнаткаш бор, бирдамлик йўқ

  • Сарвар Усмон

Меҳнаткашларнинг бирдамлик куни сифатида кўриладиган 1 май дунённг 66 мамлакатида нишонланади. Бу сана собиқ Совет Иттифоқининг энг асосий байрамларидан бири эди.

СССР тарқаб кетганидан кейин ҳам баъзи республикалар, масалан, Қирғизистонда бу байрам ўз номи билан сақланиб қолди. Баъзиларида, масалан, Қозоғистонда сақланиб қолди-ю, номи ўзгартирилиб, Халқ бирлиги куни сифатида нишонланади.

Ўзбекистонда Биринчи май бегим кунлардан бири бўлиб қолганига қарамай, ўз олдига қўйиб олган мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда бу кунни байрам қиладиган ташкилотлар, масалан, касаба уюшмалари бор.

Мамлакатдаги касаба уюшмаларини назарда тутаяпмиз.

Касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бел боғлаган ташкилотлардир. Бироқ Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясидан бу ҳақда бирор маълумот берадиган инсон топилмади.

Биринчи май Ўзбекистоннинг давлат байрамлари рўйхатидан чиқариб ташланганига анча бўлган.

Хўш, нега? Бу саволга байрамнинг номидан –“Меҳнаткашларнинг халқаро бирдамлик куни” атамасидан келиб чиқиб жавоб топишга ҳаракат қилдик.

Кун – 1 май ўз жойида турибди.

Халқаролиги ҳам рост.

Иккита сўз қолди: меҳнаткаш ва бирдамлик сўзлари.

Ўзбекистонда бу байрамни бекор қилишган экан, демак ё меҳнаткаш йўқ бу мамлакатда, ё бирдамлик йўқ.

Ўзбекистон ТВ ва радиосининг собиқ мухбири, фарғоналик Зокиржон ака Махсумов меҳнаткаш борлигини эслатди.

“Меҳнаткаш бор. Шу байрам қилинмаëтганига мен ҳам ҳайронман. Бунинг ҳеч сиëсий жойи йўқ. Совет давридан қолган, деб байрам қилинмаëтган бўлса керак”,- деди З.Махсумов..

Жиззахлик фермер Маъмуржон Азимов эса меҳнаткаш кўплиги, лекин бирламлик йўқлигини тахкидлади.

Саволимизга марғилонлик Тешавой аканинг жавоби:

“Бу жуда ажойиб савол бўлди. Меҳнаткаш бор-ку, лекин уларнинг аксарият қисми Ўзбекистонни ташлаб чиқиб кетган. Энди бирдамликка келсак, чиқиб кетган ëшларнинг ўзлари бирлашиб ўша ерда байрам қилишади”.

Журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, умуман совет даври анъаналаридан кечиш мақсадида жуда кўп совет даври байрами саналари бекор қилинди. Меҳнаткашлар ҳам совет давридагидай, бирдамлик ҳам совет давридагидай. Лекин ҳозирги қарашлар совет давридагидай эмас. Қанақадир ўтмишдан кечиш, ўтмишни қоралаш нуқтаи назаридан бу байрамлар йўқ қилинган. Лекин аслида меҳнаткашлар ҳам ўзгармади, бирдамлик ҳам ўзгармади.

Бирликчи Акбаржон Орипов эса: “Меҳнаткашни ҳам, бирдамликни ҳам бор, дейиш мумкин.Лекин халқпарвар ҳукумат йўқ, дейиш мумкин. Биринчи май байрами халқаро байрам бўлишига қарамай, Ўзбекистонда бу байрам коммунистик даврни эслатиб қўйиши, одамларда яна совет даврини қўмсашни кучайтириб юбориши мумкин. Шунинг учун бу нарса тилга олинмайдиган бўлиб кетган”,- деди.

Сўровимизга жалб этганимиз ўзбекистонликлардан яна бири тошкентлик иқтисодчи Хайрулла Абдурашидов:

“Бизда меҳнаткаш бор. Кўп десак ҳам бўлади. Уни кўриш учун Тошкент шаҳрида ëки вилоятлардаги шаҳарларда кўчага чиқилса, одамлар гавжум жойларда ишсизларни кўрсангиз, қанчали маҳнаткаш кўплигини кўрамиз. Афсуски, булар ҳаммаси ишсиз меҳнаткашлар. Иш билан банд бўлган меҳнаткашларнинг ҳам косаси оқармаяпти. Чунки амалдаги солиқ тизими ва амалдорлар порахўрлиги уларнинг униб-ўсишига тўсқинлик қиляпти. Бирдамлик, албатта, йўқ. Шу бирдамлик йўқ бўлгани учун ҳам биз кўзлаган мақсадимизга эриша олмаймиз. Айнан шу бирдамлигимизни янада баттарроқ йўқ қилиш учун жуда кўп ҳаракат бўляпти. Афсуски, бунда анча ғалабаларга эришилди. Шунинг учун ҳам бирон-бир нарсани амалга оширишда фақат бурчак-бурчакда гапириб қўя қоламиз.Аслида бирлашиб бирон бир фикрга келиб бир дастур асосида ëки бирон бир ташкилотга уюшиб бирон нарса қила олмаймиз”.

Хуллас, Меҳнаткашларнинг халқаро бирдамлик кунини байрам сифатида нишонлаётган жаҳондаги 66 мамлакат қаторига бу йил Туркия ҳам қўшилди. Байрам кўп йиллик танаффусдан кейин бу мамлакатда қайта тикланди.

Бу ҳақдаги қарорни мамлакат касаба уюшмалари федерацияси талаби билан Туркия ҳукумати жорий йилнинг 21 апрелида қабул қилди. Илк бор Биринчи май Меҳнат байрами сифатида 1935 йили эълон қилинган, 1980 йилги ҳарбий тўнтаришдан кейин бу байрам тақиқлаб қўйилган эди.
XS
SM
MD
LG