Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:40

Ўзбекистон ҳукумати четга гуруч чиқаришни тақиқлади


“Росбалт” ахборот агентлиги Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасига таянган ҳолда шу хабарни тарқатди. Мамлакатда ун ва ун маҳсулотлари нархлари кескин ошганидан сўнг гуруч нархи ҳам кейинги тўрт ой мобайнида қарийб икки баравар кўтарилганди.

“Озодлик” мухбири Ўзбекистон расмийларидан жавоб бўлмаганидан сўнг кузатувчиларга мурожаат этди. Хоразмлик профессор Суҳбат Абдуллаев бу гапда жон борлигини айтади.

“Ҳозир вилоятдан вилоятга ўтаëтганда милиция ва божхона назоратлари кучайтирилди. Шу ҳақда мен ҳам хабарлар эшитяпман. Гуручни четга чиқаришни тақиқлангани рост”,- деди С.Абдуллаев.

Кузатувчиларнинг айтишича, сўнгги тўрт ой ичида Ўзбекистонда гуручнинг баҳоси қарийб икки баравар кўтарилган. Жумладан, гуруч мўл бўладиган Хоразмда ҳам нарх-наво кўкка ўрлаган.

“Нарх-наво ошиб кетди. Аввал 600-700 сўм эди. Икки ҳафта бўлди, 1000 сўмга чиқиб кетди. Буни назорат қиладиган борми? 60000-70000 нафақа оламиз. Нима бўлади бу? Қандай қилиб тирикчилик қилиш керак? Қариганда ҳам қорнимиз тўймасдан оч ўлиб кетамиз, шекилли”,- дейди С.Абдуллаев.

Тошкентда эса яхши, аъло сифатли гуручнинг бир килоси 3000 сўмгача чиқиб кетди.

“Яхшиси 1500 сўм. Хоразм гуручлари 1800-2000 сўм. Энг арзон авангард 1200 сўм”,- дейди тошкентлик суҳбатдош аёл.

Ўзбекистон ҳукумати озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, гуручнинг ички бозордаги нархини тартибга солиш учун уни четга чиқаришни тақиқлаган бўлиши мумкин.

Лекин профессор Суҳбат Абдуллаев гуруч инқирозининг юзага келиш сабабларини изоҳлайлаб: “Фикримча, бу сув етишмовчилиги билан боғлиқ бўлса керак. Чунки Тожикистон ва Қирғизистон ҳукумати сув бермаслик масаласини ўртага қўйгандан ва сув ўтган йилга нисбатан анча тақчил бўлишини айтгандан кейин рўй берган жавоб реакцияси. Бу биринчи сабаб. Иккинчи сабаб, мана, Ўзбекистондаги фермерчиликнинг аҳволи сизларга ҳам яхши маълум бўлса керак. Чунки фермерчилик ҳаракатининг кўпгина жабҳалари ўзини оқламасдан қўйди. Шу сабабли жуда кўп фермерлар ўз ерини ташлаб Россияга, Қозоғистонга ишлашга кетяпти. Масалан, мен яшаб турган битта Шовот туманида 2300 гектар ташлаб кетилган ер экилмасдан қолди”,- деди.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 200 минг тоннага яқин шоли етиштирилди. Ўзбекистон аҳоласининг бир йиллик талаби эса 140 минг тонна гуручни ташкил этади.

Бундай ўйлаб кўрилганда, ўзбекистонликларга етгудек. Лекин суҳбатдошлар гуруч, асосан, контрабанда йўли билан қўшни давлатларга чиқарилишини айтди.

Уларнинг фикрича, унинг бошида катта амалдорларнинг ўзлари туради.

Хоразмлик суҳбатдошнинг сўзларига кўра, Сурхондарёдан келадиган улгуржи савдогарлар гуручни қорадорига алмаштиришни таклиф қилар экан.

“Қандай қилиб тақиқлаб қўйибди? Сурхондарë қатнаб ëтибди. Гуручни ерли аҳоли олмайди. Қорадорига алмаштиришар экан. Шунақа гаплар бор”,- дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон ҳукумати бу муаммони ҳал этиш учун шоли майдонларини 40 минг гектарга кўпайтиришга қарор қилгани ҳақида айтилади.

Лекин Суҳбат Абдуллаев фикрича, бу имконсиз. Чунки сувнинг ўзи йўқ.

Бу йил Ўзбекистон ҳар йилгидан 600 минг куб метр кам сув олиши айтилмоқда, бундай ҳолатда гектарларни ошириш у ёқда турсин, унинг аввалги миқдорини ҳам ушлаб туриш амри маҳол.
XS
SM
MD
LG