Линклар

Қозоғистонда жиноятчиликда ўзбек мигрантлари биринчи ўринда


Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида МДҲ мамлакатларидан келган муҳожирлар томонидан содир этилган жиноятлар бўйича ўзбекистонликлар биринчи ўринни эгаллаб турибди.

Олмаота шаҳри ички ишлар департаменти маълумотларига қараганда, ўзбекистонликлар йил бошидан буён 3437 та жиноят содир этган бўлса, қирғизистонликлар 740 та ва россияликлар 576 та жиноят содир этган.

Қозоғистонга тирикчилик мақсадида келаётган аксар ўзбекистонликлар Олмаота шаҳридаги қурилиш объектларида ишлайди.

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотларга кўра, Олмаота шаҳридаги қурилиш объектларида хорижликларни ишга жалб қилиш юзасидан 143 та қонунбузарлик аниқланган. Натижада маҳаллий иш берувчиларга энг кам иш ҳақининг 300дан 500 баробаригача жарима солинган. Бу жарималарнинг умумий миқдори бугунги кунда 30 минг АҚШ долларини ташкил қилди.

Олмаота шаҳри ички ишлар департаментининг билдиришича, мамлакат ҳудудида чет элликлар, хусусан, ўзбекистонликларнинг ноқонуний равишда ишлаётгани муаммонинг бир томони бўлса, унинг иккинчи жиҳати меҳнат муҳожирлари ўртасида жиноятчиликнинг кўпаяётганидир.

Олмаота шаҳри ички ишлар департаменти миграция бошқармаси бошлиғи Сарсен Кўкебоевнинг айтишича, Қозоғистонда ишсиз қолган ўзбек муҳожирлари юртига қайтиб кетиш ўрнига шаҳарда турли жиноятлар, жумладан, безорилик, ўғирлик, зўрлаш кабилар билан шуғулланмоқда.

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораси ходимининг бундай баёнотини изоҳлаган Инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси Олмаота ваколатхонаси вакиласи Виктория Тюленева маҳаллий ОАВда меҳнат муҳожирлари, хусусан, ўзбекистонликлар борасида салбий маълумотлар берилиши Қозоғистонга мигрантар оқимини камайтириш учунгина қилинаётганини билдирганди.

Маҳаллий ОАВнинг меҳнат муҳожирлари, хусусан, ўзбекистонликларни қоралаши ўз самарасини бераётганга ўхшайди. Чунки “Озодлик” оддий қозоғистонликлар орасида ўтказган сўров натижаси уларнинг меҳнат муҳожирларига муносабати чиндан ҳам салбий эканини кўрсатди.

“Қурилишда уларни ҳеч ким назорат қилмайди. Тунлари уларнинг қаерларда санғиб юришини, нима билан шуғулланаётганини ҳеч ким билмайди. Уларнинг доимий яшайдиган жойлари ҳам йўқ, дуч келган жойда ётиб юради. Кўпчилиги, албатта, енгил пул топиш йўлларини излайди”,- дейди қозоғистонлик суҳбатдош.

Олмаотада тирикчилик қилиб юрган ўзбекистонлик суҳбатдошимиз ҳам ўз юртдошлари орасида жиноят содир этишга мойил кишилар учраб туришини, беш қўл баробар эмаслигини таъкидлади.

“Бизда ҳам яқинда объектларнинг бирида иккита йигит ичишиб ўтириб, бири иккинчисини пичоқлаб қўйди. Бу мамлакатга паст савияли, ночор одамлар келяпти. Энди уларнинг ичида шунақа калтафаҳмликлар ҳам чиқяпти, иложи йўқ”,- деди суҳбатдош.

Унинг сўзларига кўра, бундай ўзбекистонликлар қилмишидан Қозоғистонга ҳалол меҳнат орқали пул топишга келаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳам жабр кўрмоқда.
XS
SM
MD
LG