Линклар

Отахоннинг сўнгги умиди Европа Иттифоқидан


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:D-43Nl4RugPdyM:http://timesonline.typepad.com/photos/uncategorized/prison.jpg Тошкент вилоятининг Келес шаҳарчасида яшовчи 68 ёшли Бурхон Омонтурдиев Европа Иттифоқидан қамоқда сақланаётган икки ўғлига нисбатан қийноқлар тўхталишига ва уларнинг озодликка чиқишига кўмаклашишни сўради.

Беш фарзанднинг отаси Бурхон аканинг ўғиллари Дилшодбек ва Рустамбек 9 йилдирки, қамоқда сақланмоқда. 37 ёшли Д.Омонтурдиев Тошкент тумани жиноят ишлари судининг 1999 йил 5 ноябрдаги ҳукми билан конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилотига аъзоликда айбланиб 17 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Кейинчалик унинг жазо муддати 9 йилга қисқартирилган. 2008 йилнинг 19 июлида Дилшодбекнинг жазо муддати тугаши лозим. Бироқ айни пайтда унга қўшимча муддат қўшиб берилиши мумкин.

“Дилшодбекнинг муддати тугашига икки ярим ой қолди. Ўшанда 9 йил бўлади. Ҳозир Қаршидаги милицияхонада экан. Тергов кетяпти, дейди. Унга нима айб қўйишаётганини билмаймиз, бизга айтмайди. Адвокат ëллаш учун катта пул керак. Унга биз нафақахўрлар қаердан пул топиб берамиз”,- дейди Бурхон ака.

Унинг айтишича, Қаршидаги ҳибсхонада ўғлига қийноқлар қўлланилган.

“Қийноқлар қўлланилган ва мажбур қилиб хат ëздириб олишган. Уни кўрганимиз йўқ. Мажбурликдан ëзиб берган, дейишяпти. Охири шунга олиб борган бўлса керак, 6 ойга изоляторга ташлаган экан”,- деди отахон.

39 ёшли Рустам Омонтурдиев эса жазо муддатини Жаслиқдаги қамоқхонада ўтаётир. Чирчиқ шаҳри жиноят ишлари суди ҳукми билан у ҳам конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва тақиқланган диний ташкилотга алоқадорликда айбланиб 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Унинг онаси Баракат Хўжахонова қамоқхонада ўғлига қийноқлар бўлаётганини айтади.

“Жаслиққа бориб, ўзим ўғлимнинг оғзидан эшитиб келдим. Ўзбекистон мадҳиясини айтмайман, дегани учун противогаз кийдирибди. Бошда борганда товонига урган. Қизариб шишиб кетган ва юра олмайдиган ҳолатга бориб қолган. Иккинчи бригададаги болалар бизга газета-журналлар, диний адабиëтлар киргизасизлар, деб талаб қилибди. Талаби қондирилмагач, улар очлик эълон қилган экан. Кейин уларни уриб, яна жазолашибди”,- деди Б.Хўжахонова.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи ака-ука Омонтурдиевлар билан боғлиқ вазиятдан яхши хабардор.

Ташкилот раҳбари Суръат Икромов сўзларига кўра, қўлга олинган вақтда айбларни бўйнига қўйиш учун уларга қийноқ қўлланилган.

“Бундан ташқари, ҳозир қамоқхонада ака-укага қийноқлар давом этяпти. Дилшодбек Омонтурдиев Қаршидаги 64/61-қамоқхонада 20 мартда қаттиқ қийноқларга солинган. У 20 мартдан бери жазо изоляторида. 2008 йил 19 июль куни унинг жазо муддати тугаши керак. Шунинг учун унга нисбатан 221-модда билан жиноят иши очилиб, ҳозир тергов ишлари кетяпти”,- деди Суръат Икромов.

Ака-ука Омонтурдиевларнинг ота-онаси ЕИдан ўғилларига нисбатан қийноқларни тўхтатишга ва уларнинг озодликка чиқишига ёрдам беришни сўради.

“Улар фақат раббим Аллоҳ дегани, намоз ўқигани учун қамоқда ўтирибди. Улар сиëсий маҳбус ҳисобланяпти. Улар чиқиши керак. Муддати тугаса ҳам устига қўшиб бериш қанақаси бўлди!? Мажбур қилиб яна қайтадан суд қилиб нима кераги бор!? У ерга борганларга 2 йил қўшди, 6 йил қўшди, 10 йил, ҳатто 12 йил қўшганлари бор. Инсон ҳуқуқлари бўйича қарор қабул қилган президент. Ваҳоланки, бу нарсалардан халққа ҳеч қандай фойда йўқ”,- деди Бурхон ака.
XS
SM
MD
LG