Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:53

Хавфли вирус одамлар ўлимига сабаб бўляпти


Хитой Соғлиқни сақлаш вазирлиги 22 бола ўлимига сабаб бўлган “Энтеровирус”, яъни “ЭВ-71” вируси тарқалишининг олдини олиш учун аҳолини огоҳликка чақирди.

Хитойдаги барча тиббиёт муассасалари ходимларига қўл, оёқ ва оғиз хасталиклари қўзғатувчи бу вирус тарқалишининг олдини олиш учун назоратни кучайтириш, агар вирус юққан одамлар аниқланса, бу ҳақда 24 соат ичида хабар бериш вазифаси топширилди.

Ҳужжатда бу йил “ЭВ-71” вируси ўтган йиллардагига нисбатан кўпроқ тарқалгани, шунингдек, бу вирус энг кўп тарқаладиган вақт июнь ва июль ойлари экани қайд этилган.

Маълумотларга кўра, қўл, оёқ ва оғиз касалликлари жуда юқумли бўлиб, улар бемор билан мулоқотда бўлган одамларга балғам, сўлак ва бошқа йўллар орқали осон ўтади. Бу вирус, айниқса, кичик болаларга тез юқади ва айрим ҳолларда мияда шиш пайдо қилиб, оқибатда бола нобуд бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассиси доктор Ли Шуанг Жие жума куни телевидение орқали қилган чиқишида касал болалар билан мулоқотда бўлган ота-оналарга вирус эпидемиясининг олдини олиш учун қўлларини тез-тез ювиш ва дизинфекция қилишни тавсия қилди.

Доктор Ли бу вирус катталардан кўра кўпроқ ёш болалар учун ўта хавфли эканини таъкидлади: “Бу касаллик аломатлари катталарда сезилар-сезилмас бўлади. Болаларда эса бу касаллик аломатлари шамоллашга ўхшаш бўлади” – деди доктор Ли.

Жорий йил март ойидан бери Анхуи вилоятининг Фуянг шаҳрида “ЭВ-71” вируси юққан 22 бола нобуд бўлди. 1 май кунига қадар уч минг 300 одамга “ЭВ-71” вируси юққани, 980 бемор шифохона ётқизилгани, улардан 58 нафари оғир аҳволда экани қайд этилган.

“ЭВ-71” вируси икки вилоятда учрамаган эди. Бироқ 2 май куни Гуангдонг вилоятида 18 ойли чақалоқ нобуд бўлганидан кейин вирус мамлакатнинг жанубий вилоятларга ҳам тарқалгани аён бўлди.

Давлатга қарашли “Синхуа” ахборот агентлиги дастлабки лаборатория текшируви натижалари гўдак “ЭВ-71” вирусидан ўлганини кўрсатганини хабар қилди.

Август ойида Пекинда бўладиган Ёзги Олимпиада ўйинлари олдидан бундай воқеа рўй бергани Хитой ҳукуматини ташвишга солмоқда. 2003 йилда Хитойда “парранда гриппи” эпидемияси бошланган эди. Орадан бир оз ўтиб дунёнинг қарийиб 30 давлатида саккиз мингдан ортиқ одам парранда гриппига чалинганини аниқланганди. Тиббиёт ходимлари саъй-ҳаракатига қарамай, бу касаллик 750дан ортиқ одам ҳаётига зомин бўлди.
XS
SM
MD
LG