Линклар

Тинчлик келишуви имзоланиши мумкин

  • Фаррух Юсуфий

АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс Яқин Шарқ сафари чоғида.Сентябр¸ 2008

АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс Яқин Шарқ сафари чоғида.Сентябр¸ 2008

АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс Исроил билан Фаластин ўртасида тинчлик келишуви жорий йилнинг охирига қадар имзоланиши мумкинлигини маълум қилди.

К.Райс икки томон ўртасидаги музокараларнинг “жиддийлиги ва кенг қамровлилигини” юқори баҳолаб, жорий йилнинг охирига қадар Исроил билан Фаластин ўртасида тинчлик келишувини имзолаш мақсадига эришиш имкони борлигини таъкидлади.

Давлат котиби бу ҳақда Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Рамаллоҳ шаҳрида Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан бўлиб ўтган музокаралардан кейин ўтказилган қўшма матбуот анжуманида гапирди.

“Фаластинликлар ва исроилликлар ўртасида шу йилнинг охирига қадар ва президент Бушнинг муддати тугагунига қадар келишувга эришиш имкони бор, дея ҳисоблаймиз.”,- деди Райс.

Унинг март ойида қилган охирги сафаридан кейин Исроил Ғарбий соҳилдаги бир нечта йўл постларини олиб ташлаш ниятларини маълум қилган эди.

Якшанба кунги чиқишида Райс йўл постлари масаласини Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт ва мудофаа вазири Эҳуд Барак билан муҳокама қилгани ва уларнинг олиб ташланиши фаластинликларнинг ҳаракатланиши ҳамда ҳаётларини яхшилашга қанчалик таъсир этиши ҳақида суриштирганини айтди.

“Биз нафақат олиб ташланажак постларнинг сони, балки яхшиланишларнинг сифатига ҳам эътибор беришга ҳаракат қиляпмиз”,- деди К.Райс.

АҚШ давлат котиби Вашингтон Исроилнинг эгаллаб олинган ҳудудларда яҳудий маҳаллаларини қуришга оид ҳаракатлари “ўзаро ишончга путур етказади”, деб ҳисоблашини таъкидлади.

“АҚШ яҳудий маҳаллаларини қуриш фаолиятини “Йўл харитаси”га зид, деган қарашдадир ва исроилликлар билан музокараларда якуний келишувга оид музокараларга фойда келтирувчи моҳиятни яратиш муҳимлигини уқтириб келади”,- деди К.Райс.

Лекин, дея қўшимча қилди у, фаластинликлар ҳам Исроилнинг хавфсизликка оид талабларини қондиришга ҳаракат қилмоғи лозим.

Яқин Шарқ можаросига оид музокаралар ўтган йилнинг ноябрида АҚШнинг Аннаполис шаҳрида ўтказилган халқаро анжуманда бошланган. Бироқ ҳозирча бу уринишлар сезиларли натижаларни бергани йўқ.

Шунга қарамай, Райс шанба куни минтақа етиб келишидан аввал Фаластин хавфсизлик кучларининг Ғарбий Соҳил шимолидаги Женин шаҳарчасига ташланганини, ижобий қадам, дея олқишлади. Бу ҳақда президент Аббосга мурожаат қилиб Райс хоним: “Фаластин хавфсизлик кучларининг у ерга ташлангани муносабати билан сизни қутлайман, бу Женин аҳлининг тинчликда яшай олиши ва сиз ҳамда Фаластин бош вазири Салом Файёд етакчилигидаги ҳукумат Женинда хавфсизликни таъминлатганини тан олишга ҳисса қўшади”,- деди.

Жума куни Яқин Шарқ можаросини ҳал этиш бўйича квартет Исроил ҳукуматини Ғарбий соҳилда янги яҳудий маҳаллаларни қуришни тўхтатишга чақирди.

БМТ, АҚШ, Россия ва Европа Иттифоқини ўз ичига олувчи квартетнинг йиғини Лондонда ўтказилди. Квартет иштирокчилари, шунингдек, Фаластин раҳбариятини террорчиликка қарши курашишга оид ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга чақирди.

Давлат котиби Райснинг сафари якунлангандан кейин, душанба куни Маҳмуд Аббос ва Эҳуд Олмертнинг учрашиши кутилмоқда.

Жорий ойда АҚШ президенти Жорж Бушнинг ҳам Исроил ташкил топганининг 60 йиллигини нишонаш маросимларида қатнашиш учун минтақага сафари режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG