Линклар

“Ўлим камари” таққан ўзбек қўлга олинди


Қозоғистоннинг Семей шаҳрида ўзини портлатиб юбормоқчи бўлган ўзбекистонлик фуқаро зарарсизлантирилди. Айни пайтда қозоғистонлик ҳуқуқ-тартибот ходимлари бу иш юзасидан тергов бошлаган.

“Номаълум киши бировнинг машинасини зўравонлик билан тортиб олган. Полиция ходимлари уни қўлга олмоқчи бўлганида, у машина ичида ўтирган 19 ёшли ўғли ва 20 ёшли қизи билан бирга ўзини ҳам портлатиб юборишини айтган. Ҳайдовчига эса пичоқ билан дағдаға қилиб, ўзини Қозоғистон-Россия чегарасига олиб бориб қўйишни талаб қилган. Полиция ходимлари ўзбекистонлик билан 40 дақиқа давомида музокара олиб борган. Аммо ўзбекистонлик кўнмагач, ҳуқуқ-тартибот ходимлари уни қўлга олиб, 3 дақиқа ичида зарарсизлантиришга муваффақ бўлган”,- деди полиция вакили.

Маълум бўлишича, қўлга олинган киши Ўзбекистонннинг 1957 йилда туғилган фуқароси бўлиб, Қашқадарё вилоятидандир. У Семей шаҳрида мамлакат миграция қонунчилигига зид равишда яшаб, ишлаб юрган. Аммо Семей шаҳри миграция полицияси ходимлари уни қўлга олиб, мамлакат ташқарисига чиқариб юбормоқчи бўлган. Ўзбекистонлик кетаётган поездидан тушиб, яна Семей шаҳрига қайтиб келган ва шу ердан Россияга кетмоқчи бўлган. Бироқ полиция ходимлари унинг мамлакат ташқарисига чиқиб кетмаганини аниқлаб, уни қидириш ишларини олиб борган.

Полиция вакили ўзбекистонликнинг белидаги портловчи мослама шаҳидлар камарига ўхшаш бўлганини алоҳида таъкидлайди.

“Унинг танасига симлар, аккумулятор, индикатор ва порох ўрнатилган белбоғ бўлган. Ўзбекистонликни қўлга олиб, зарарсизлантирганимизда, унинг танасига боғланган белбоғ қўлбола мослама эканини, унинг "шаҳидлар камари"га ўхшаш эканини аниқладик. Ҳозир ўша белбоғ экспертизага юборилди”,- деди полиция вакили.

Унинг айтишича, ўзбекистонлик бу шахс Қозоғистонга бошқа кўпгина ҳамюртлари каби тирикчилик мақсадида келган. Аммо Қозоғистондан бадарға қилинган Ўзбекистон фуқаросининг ўз юртига қайтмай, жиноий йўл орқали Россияга ўтиб кетмоқчи бўлгани Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг унга нисбатан Жиноят кодексининг 2- моддаси бўйича жиноят иши очишига сабаб бўлган. Ҳозирда қўлга олинган ўзбекистонлик куч ишлатиш орқали машина олиб қочганлик ва кишиларни гаровга олганлик каби моддалар бўйича айбланмоқда.

Баъзи кузатувчилар Ўзбекистон фуқароси билан содир бўлган бу воқеа ҳамда сўнгги пайтларда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўзбекистонликлар томонидан содир этилаётган турли жиноятларни ОАВда бўрттириб кўрсатишга интилаётганини маҳаллий аҳоли орасида қўшни мамлакатдан келган меҳнат муҳожирларига нисбатан қўрқув ҳиссини уйғотишга уриниш сифатида баҳоламоқда.
XS
SM
MD
LG