Линклар

Бир олимнинг ернинг мелиоратив аҳволини яхшилаш таклифлари

  • Барно Анвар

Қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Қурбон Розиқов фикрича, Ўзбекистондаги суғориладиган ер майдонлари мелиоратив аҳволини яхшилаш ва тупроқ унумдорлигини ошириш учун бирор чора кўришдан олдин собиқ совет даврида ўта кўп миқдорда фойдаланилган зарарли кимёвий ўғитлар экин майдонларига қанчалик зарар етказганини аниқ тасаввур қилиш керак.

“Зарарли кимëвий ўғитлар 1 квадрат километр майдонда 72 килограммдан ошиб кетди. АҚШда бу кўрсаткич 1 килограмм, Россияда ўрта ҳисобда 4 килограмм. Шундай даражада заҳарланиб кетган бу ерларда дон етиштириб халқ истеъмоли учун ишлатиш мумкин эмас. Бу жиноят”,- дейди олим.

Шу боис, мамлакатдаги ўта заҳарланган экин майдонларида фақатгина пахта етиштириш мумкин, холос, деб ҳисоблайди Қурбон Розиқов ва буни мамлакат иқтисоди учун шаксиз тўғри йўл, деб билади.

“Пахта ўсиши мумкин бўлган минтақалар дунëда озгина. Аммо пахта толасидан етиштириладиган кийимни киядиган халқ бутун дунëда. Бизнинг республикамиз тақдирини, келажагини пахтачилик белгилайди”,- дейди олим.

Унинг сўзларига кўра, ерни ўз эгасига топширишдан аввал унинг унумдорлиги ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш лозим ва бунинг 2 йўли бор.

“Биринчи йўли - маҳаллий ўғит ишлатиш. Иккинчи йўли - яхши алмашлаб экишни жорий қилиш. Аммо маҳаллий ўғит ишлатиш орқали буни ҳеч қачон ҳал қилиб бўлмайди. Чунки ҳамма майдонга ҳар йили камида 30-40 минг тоннадан гўнг ишлатишимиз керак. Бугунги кунда гўнгнинг миқдори 1-2 тоннадан ошмайди билишимча”,- деди Қ.Розиқов.

Демак, ҳозир ернинг мелиоратив аҳволини яхшилаш ва унумдорлигини оширишда, Қурбон Розиқов фикрича, энг тўғри ва тезкор ечим – ерни ўз эгасига топишириш ва алмашлаб экиш.

“Бутун қишлоқ хўжалигини, пахтачиликни ҳамма томондан ривожлантириш учун лозим бўлган барча инфратузилма мавжуд. Ана шу инфратузилмани синдирмасдан сақлаб қолиб, бутун хўжаликни битта ақли расо тадбиркорга хусусий мулк қилиб бериш керак. 500 гектарлик кичикроқ хўжаликни фермерларга бўлиш керак. Қанақа фермер бўлиш керак, деган саволга жавоб излаш учун АҚШнинг ютуғига мурожаат қилиш керак. Бугун АҚШда 300-500 гектар ерга эга бўлган пахтачиликдаги фермер пахта-беда алмашлаб экишини жорий қилиб, пахта етиштиряпти. Озуқа экинлари ҳосилини асраб-авайлаб тўплаб, махсус чорвачилик билан шуғулланадиган қўшни фермерга сотади. Ана шу усул бизда жорий қилинса, яхши бўларди”,- деганди Қурбон Розиқов бундан аввалги эшиттиришлардан бирида. Аммо ўша вақтда у таклифига қулоқ солгувчи расмийлар топилмаслиги мумкинлигини эътироф этган.

“5 йилдан бери раҳбарларимизга мурожаат қилиб, илтимос қиляпман. Балки сизларнинг радио орқали овозимни эшитар. Ҳар қайси вилоятда 3 тадан хўжаликда 2-3 та таклифни ҳаëт имтиҳонидан ўтказсак, 1-2 йилда унинг фойда-зарарлиги аниқ бўлади. Мен бунга аминман. Бундан бошқа тўғри йўлнинг ўзи йўқ. Агар шу ишни ҳозир бажармасак 20-30 йилда Оролимизни бой берганга ўхшаб тупроғимиз унумдорлигини ҳам бой берамиз. Бу ҳалокат. Бунга йўл қўйиб бўлмайди”,- дея хавотир билдирган эди Қурбон Розиқов.
XS
SM
MD
LG