Линклар

logo-print

“Зеромакс”нинг навбатдаги ўлжаси


Фаридун http://tbn0.google.com/images?q=tbn:4ujKaaDr7N5ltM:http://www.vesti.uz/i/images/zeromax_main.jpg Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган “Zeromax” компанияси “Ўзташқинефтгаз” ширкатининг давлатга тегишли акцияларини сотиб олди.

Расман Швейцарияда рўйхатга олинган бу компания “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси таркибига кирувчи “Ўзташқинефтгаз”нинг 37,3 фоиз акциясини 1 миллион 200 минг АҚШ долларига xарид қилди.

“Ўзташқинефтгаз”нинг давлат улушини сотиш бўйича ўтказилган тендерда “Zeromax”дан ташқари Буюк Британиянинг Виргин оролларида (оффшор ҳудудда) рўйхатга олинган “Ystral Limited” компанияси ҳам иштирок этди.

Қизиғи шундаки, “Ystral Limited” ҳам Гулнора Каримованики. Бир хўжайиннинг икки компанияси иштирок этган савдоларни тендер, деб аташ қийин бўлса ҳам унда расман “Zeromax” “ғолиб” чиқди.

“Ўзташқинефтгаз” очиқ акциядорлик жамиятининг асосий фаолияти “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси учун моддий-техникавий ускуналарни импорт қилишдир. Ширкат жами 961 миллион 800 минг АҚШ долларига тенг давлат улуши бўлган акцияларини сотувга қўйган.

“Ўзташқинефтгаз”нинг низом жамғармаси деярли 200 миллиард сўм бўлиб, унинг асосий қисми, яъни 51 фоизи “Ўзбекнефтгаз”га тегишлидир.

Охирги йилларда “Ўзташқинефтгаз” сурункали равишда зарар кўриб келган. Масалан, 2007 йилда акциядорлик жамияти 4 миллиард 565 миллион сўмлик зарар кўрган. Шу омил ширкатнинг давлатга тегишли акцияларини сотувга қўйишга асосий ва расмий сабаб бўлди.

Эндиликда “Ўзташқинефтгаз”нинг асосий фаолияти, яъни “Ўзбекнефтгаз” учун моддий-техникавий ускуналар импорт қилишда Гулнора Каримованинг “Zeromax”и ҳам иштирок этади. Аниқроқ айтилса, давлат корхонаси учун давлат маблағларига хориждан ускуналар харид қилиш билан шуғулланади.

“Zeromax GmbH” Ўзбекистонда 1999 йилдан бери нефть-газ, тўқимачилик, озиқ-овқат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритмоқда. Шунингдек, компаниянинг агросаноат бўлими пахта хомашёси, мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш билан шуғулланади. Шу кунгача “Zeromax” Ўзбекистон иқтисодиётига 600 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган.
XS
SM
MD
LG