Линклар

Тропик циклон Мьянмани қурбонларга тўлдирди


Мьянма ҳарбий хунтаси мамлакатда рўй берган тропик циклон оқибатида 22 мингга яқин фуқаро нобуд бўлганини билдирди. Ҳозир 40 мингдан зиёд фуқаро бедарак йўқолгани ҳам айтилмоқда.

Бундан бироз аввал Мьянма телевидениеси биргина Богалай шаҳрида ўн минг киши ўлганини эълон қилган эди. Шунингдек, мамлакат раҳбарияти табиий офат оқибатларини бартараф этишда халқаро кўмакка муҳтож эканини маълум қилди.

БМТ матбуот котиби Элизабет Бурс ташкилотнинг фавқулодда ҳолатлар бўйича мутахассислари Мьянмага боришга шай тургани, имкон қадар тез фурсатда виза масаласи ҳал этилса, у ерга жўнаб кетишини маълум қилди.

Шунингдек, Мьянма ҳарбий хунтаси шанба кунга режалаштирилган халқаро референдум табиий офатдан зарар кўрган 47 аҳоли пунктидан ташқари барча вилоятларда ўтказилишини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG