Линклар

Президент ўзгаради, назорат Путинда қолади

  • Ҳасанжон

Россия Бош вазири Владимир Путин 2008 йилнинг 28 сенябр куни CNN мухбири билан суҳбат чоғида.

Россия Бош вазири Владимир Путин 2008 йилнинг 28 сенябр куни CNN мухбири билан суҳбат чоғида.

Россияга саккиз йил президентлик қилган Владимир Путин чоршанба куни расман истеъфога чиқади. У лавозимини ўзига кўп йиллардан буён садоқат билан хизмат қилиб келган ёрдамчиси Дмитрий Медведевга бўшатади.

7 май куни миллионлаб россияликлар президент этиб сайланган Дмитрий Медведевнинг қасамёд маросимини давлат телевидениеси орқали томоша қилади. Кремлдаги ушбу расмий маросимни Конституциявий суд, Марказий сайлов комиссияси расмийлари ва православ черкови раҳбарлари ўтказади.

5 май куни Россия ҳукуматининг йиғилишига президент сифатида охирги марта раислик қилган Владимир Путин ўз маъмурияти аъзоларига миннатдорлик билдириб, олдинда ҳали жиддий вазифаларни амалга ошириш масъулияти турганини айтди. Бироқ кўпчилик В.Путин президентлик лавозимини топширгани билан бош вазир сифатида мамлакатни бошқариш салоҳиятини ўзида сақлаб қолади, деган ишончда.

“Менимча, амалда чиндан ҳам ҳокимиятни топшириш тўғрисида гапириш имконсиз. Путин даврида шаклланган ҳокимиятнинг барча тизими сақланиб қолади. Бундан ташқари, Путин президентлик давридаёқ бош вазир лавозимини эгаллаганида қандай салоҳиятларга эга бўлиши тўғрисида зарурий чоралар кўрган”, – дейди бош қароргоҳи Вашингтонда жойлашган “Ҳеритэйж” жамғармасининг Москвадаги бўлими раҳбари Евгений Волк.

Ўтган ҳафтада В.Путин вилоятлар губернаторларини назорат қилиш вазифасини президент маъмуриятидан ҳукумат зиммасига юклаш ҳақида фармон чиқарган эди. У маҳаллий ҳокимиятлар расмийларининг вилоят губернаторларига бевосита ҳисобот бериши ҳақидаги қонун лойиҳасини ҳам имзолади.

“Салоҳият ва ҳокимият ҳукумат фойдасига қайта тақсимланди. Путин аллақачон кадрлар ўзгариши қилди, хусусан, унинг обрўсини кўтариш билан шуғулланганлар, унинг нутқини ёзиб берадиганлар ва жамоатчилик билан алоқа учун масъул бўлган кишилар ҳукумат аппаратига ўтказилди. Катта таъсирга эга бўлган Путинга яқин доиралар вакилларининг президент маъмуриятидан ҳукуматга ўтиш жараёни ҳали давом этади, деб ўйлайман”, – деди Е.Волк.

Москвадаги Карнеги жамғармасининг сиёсий масалалар бўйича таҳлилчиси Алексей Малашенко “Озодлик” билан суҳбатда бунинг сабабини изоҳлаб: “Менимча, Путин учун энг мақбул йўл Медведевнинг қўлини боғлаш. Албатта, буни уларнинг иккови тан олмайди. Аммо ҳозир вазият шундай. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, Медведев бир муддатдан ортиқ президент бўла олмаслиги мумкинлигини кўрамиз. Қисқа муддат ичида унинг ўрнини Путин эгаллаши мумкин”, – деди.

Айни пайтда Евгений Волк Медведевнинг президентлик даврида у ва Путин ўртасида ихтилоф юзага чиқиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

“Мен бу икки шахс ўртасида қарама-қаршилик юз бериши мумкинлиги эҳтимолдан холи, деб ўйламайман. Айниқса, инфляция масаласида. Агар нархлар кўтарилса, менимча, ҳозирги иқтисодий муҳитда бу муқаррар, Медведев муаммо сабабчисини қидиришга мажбур бўлиши ва бунинг учун бош вазир ва ҳукумат айбдор, деб топилиши мумкин”, – деди Е.Волк.

Қасамёд маросимидан кейин Россиянинг янги президенти Д.Медведев келаси ҳафтада ўз маъмурияти аъзолари рўйхатини эълон қилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG