Линклар

logo-print

Юсуф Жума Навоий қамоқхонасига жўнатилади


Бухоро тумани суди вакиллари яқинда қамоқ жазосига ҳукм қилинган таниқли шоир Юсуф Жума Навоийдаги қамоқхонага юборилишини билдирди. Бу ҳақда “Озодлик”ка шоирнинг яқинлари маълум қилди.

Шоирнинг тўнғич ўғли Алишер Жумаев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда отасининг аҳволига оид сўнгги маълумотларни айтиб берди.

“2 май куни қариндошларимиз Бухоро вилояти суди биносига бориб, Бухоро тумани суди судьяси Шуҳрат Камоловга учраган ва дадамнинг апелляция шикояти нима бўлаётганини, қачон кўрилишини сўраган. Бунга жавобан Ш.Камолов ҳеч қандай апелляция суди бўлмаслиги, чунки шикоят аризаси ёзилмагани, суд қарори кучга кириб, дадам Навоий шаҳридаги қамоқхонага юборилишини билдирган. У ҳозир бу ҳақдаги ҳужжатлар тайёрланаётганини айтган”,- деди Алишер Жумаев.

У отаси юборилиши айтилган Навоий қамоқхонасидаги вазият ўта оғирлиги, бу шоирнинг соғлиғига салбий таъсир этиши юзасидан хавотир билдиради.

“Навоий зонасидаги вазиятни ўргандик. У ерда ишлаётганларга нисбатан қийноқлар бўлар экан. Ҳатто у ерда илгари ўлимга ҳукм қилинганларни суд ҳукми эълон қилингандан кейин ҳам цемент заводига киритиб ишлатишар экан. Ўша у ерда улар ўлгунича ишлар экан. Бу ерда ҳам дадамни цемент заводида ишлатиб, жисмонан йўқотишга ҳаракат қилишаётган бўлиши мумкин”,- дейди Алишер Жумаев.

Ҳозир Канадада яшаётган ўзбекистонлик мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров Навоий қамоқхонасида 7 кун бўлганини эслар экан, у ердаги шароит борасида гапириб: “Мен Навоийдаги 64/29-қамоқхонада ўтирганман. 7 кунгина ўтирдим. Қамоқхоналардан чиқиб, ўша ерга олиб боришди. Қийноқлар машинадан тушаётган пайтингиз бошланади. Машинадан тушаётган пайтингиз қабул қилиш маросими бўлади. Уни “ломка”, дейишади. Ўша ичкариги хонагача қатор турган милиция ходимлари таёқ билан уриб олиб киради. Ичкарида янада кучли қийноқлар давом этади. Бу ишлар одамни синдириш учун қилинишини тушундим. Карантини бор, 10 кун-икки ҳафтагача чўзилади. Ўша икки ҳафта ичида инсон тинмай қийноққа солинади”,- деди.

Айни пайтда кузатувчилар Ўзбекистон ҳукумати халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларига сал ён бераётгандек кўринаётган шароитда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари сиёсий маҳбусларга, хусусан, шоир Юсуф Жумага ҳам қандайдир ёрдам кўрсатиши мумкинлигига умид билдирмоқда. Бироқ “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раисаси Васила Иноятова бу борада ўзгача фикрда.

“90-йилларда сиёсий маҳбусларга, мухолифатга, ҳуқуқ ҳимоячиларига қанақа муносабат бўлган бўлса, ҳозир ҳам худди шунақа муносабат. Аввал ҳам қандай қамаш ва таъқиблар бўлган бўлса, ҳозир ҳам шунақа аҳвол. Шунинг учун Юсуф Жума 2001 йилда ҳам қамалган эди, унга нисбатан ўша пайти ҳам шундай худди шундай муносабат бўлганди, ҳозир ҳам. Мана, масалан, унинг апелляция аризаси тортиб олинган ва йиртиб ташланган. Адвокатидан воз кечишига мажбур қилишган. Мен бордим, аризаларни қабул қилмади, почта орқали бердик. Аризаси апелляция тартибида кўрилмаслиги бу суд тепадан берилаётган буйруқни бажараётганини кўрсатади”,- деди Васила Иноятова.
XS
SM
MD
LG