Линклар

logo-print

Мутахассислар парранда гриппи хавфидан ташвишда

  • Гулнора Равшан

2006 февралида МДҲ ҳудудларида ҳам ўн минглаб паррандалар йўқ қилинди.

2006 февралида МДҲ ҳудудларида ҳам ўн минглаб паррандалар йўқ қилинди.

Тожикистоннинг Афғонистон билан қўшни Хатлон вилояти қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари мамлакатнинг бу ҳудудларида парранда гриппи хавфи пайдо бўлаётганидан ташвиш билдирди.

Хатлон вилояти бош ветеринари Ҳусенбой Ҳисориевнинг билдиришича, ҳозиргача, Тожикистонда парранда гриппига чалиниш билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмаган бўлса-да, айни кунларда мамлакат жанубида касаллик пайдо бўлиши хавфи кучаймоқда. Жумладан, Покистон, Хитой, Ҳиндистон ва Афғонистон ҳудудларида парранда гриппи тарқалиши кузатилган. Афғонистоннинг Тожикистонга қўшни 15 та туманида мутахассислар кўчманчи қушларда парранда гриппи тарқалиши олдини олиш учун 210 минг дона вакцина ишлатилган.

“Афғонистон билан давлат чегараларимиз 1000 километрни ташкил этади. Бу мамлакатга экспорт қилинаётган ва у ёқдан бизга импорт қилинаётган маҳсулотларнинг асосий қисмини паррандачилик маҳсулотлари ташкил этади. Бундан ташқари, сўнгги йилларда бу мамлакат билан борди-келди аввалги йилларга нисбатан кўпроқ кузатилади. Шунинг учун H5N1 гриппи мамлакатимиз жанубида пайдо бўлиши эҳтимоли кучаймоқда”,- деди Ҳ.Ҳисориев.

Унинг маълум қилишича, Осиё тараққиёт банки Хатлон вилоятида аҳолини парранда гриппи хавфидан огоҳлантириш тадбирлари учун бир миллион евро миқдорида маблағ ажратган. Аммо бу парранда гриппи хавфи пайдо бўлиши олдини олиш учун етарли эмас.

Бироқ қайд этиш жоизки, бундан бир неча вақт аввал Европа Иттифоқи Тожикистонда парранда гриппи хавфига қарши курашиш тадбирлари учун 5 миллион доллар маблағни ёрдам тариқасида ажратган эди. Аммо бу маблағ қандай ишлар учун ва қай тарзда сарфлангани борасида расмийлар оғиз очишни истамайди.

Сўнгги йилларда муайян мавсумларда Тожикистон ҳукумати мамлакатда парранда гриппи пайдо бўлиши олдини олиш мақсадида Россия, Қозоғистон, Япония, Таиланд, Покистон ва Хитойдан тухум ва парранда гўшти импорт қилишни тақиқлаб қўяди. Аммо бу касаллик Эронда ҳам қайд этилган эса-да, Эрон Тожикистон ҳудудига тухум ва парранда гўшти киритилиши чекланган давлатлар рўйхатига киритилмайди.

2003 йилдан буён Осиё мамлакатларида парранда гриппи 70га яқин киши ҳаётига зомин бўлган.
XS
SM
MD
LG