Линклар

logo-print

Тожикистоннинг йирик ширкатлари халқаро аудит қилинади

  • Гулнора Равшан

Халқаро молиявий институтлар Тожикистондаги икки йирик ширкат – Тожикистон алюминий компанияси (“Талко”) ва “Барқи тожик” акциядорлик компанияси молиявий фаолияти халқаро аудит қилинишини сўради.

Халқаро валюта жамғармасининг Тожикистондаги ваколатхонаси вакили Люк Моерснинг таъкидлашича, бу икки йирик ширкат молиявий фаолиятида шаффофлик йўқлиги мамлакатда фаолият юритувчи хорижий институтларни шундай қарорга келишга мажбур қилган. Қолаверса, Тожикистон Миллий банки ёлғон маълумотлар асосида олган 47 миллион доллар қарзини қайтариши юзасидан музокаралар чоғида “Талко” ва “Барқи тожик”ни аудит қилиш масаласи ҳам кўтарилган эди.

“Бу учрашувларда хорижий молиявий институтлар мазкур ширкатлар фаолиятида шаффофлик йўқлигидан ташвиш билдиргани аудит масаласи ўртага чиқишига сабаб бўлди. Уларнинг молиявий фаолияти хорижий экспертлар томонидан аудит қилиниши икки томонга ҳам фойдали бўлади, деган умиддамиз. Тожикистон ҳукумати ҳам улардаги молиявий вазият ҳақида аниқ ва тўла маълумотга эга бўлади”,- деди Люк Моерс.

Унинг айтишича, айни шу таклифлар асосида Тожикистон ҳукумати бу икки ширкат ҳамда Миллий банк молиявий фаолияти холис экспертлар томонидан ўрганилишига доир ҳужжат имзоланган. Бу тадбирлар учун халқаро тендер эълон қилинган.

Кузатувчилар Тожикистондаги бу икки йирик ширкат молиявий фаолиятини ўрганиш таклифи ўринли эканини таъкидламоқда. Аммо айрим маҳаллий кузатувчилар “Талко” ва “Барқи тожик” фаолиятидаги махфий маълумотлар барибир хорижий экспертларга ошкор қилинмаслигига ишонаётир.
XS
SM
MD
LG