Линклар

Тожиклар Қозоғистонни мева-сабзавотга тўлдирмоқчи

  • Гулнора Равшан

Тожикистонда сўнгги ҳафталарда мева-сабзавотлар нархи 30 фоиз қимматлашган бир пайтда мамлакат ушбу маҳсулотларни Қозоғистонга экспорт қилиш бўйича келишувга эришди.

“Тожикматлубот” жамияти раиси ўринбосари Асомиддин Саидов Тожикистон ҳукумати вакилларининг Қозоғистонга сафари чоғида бу ҳақда келишиб олинганини билдирди.

Унинг айтишича, имзоланган шартномага кўра, Тожикистондан етказиб берилган мева ва сабзавотлар эвазига Қозоғистондан ун ва ғалла импорт қилинади. Бу келишув тожикистонликларни ун ва ғалла билан таъминлаш баробарида Қозоғистон бозорларида мева ва сабзавотлар нархи 50 фоиз арзонлашувига хизмат қилади.

Аммо Душанбенинг ўзида ҳозирданоқ мева-сабзавотлар тақчиллашиб, нархлар 30 фоиз қимматлашгани шаҳарликлар норозилигига сабаб бўлмоқда. Аҳолининг аксарият қисми бу маҳсулотларни сотиб олишда қийналмоқда ва нарх қимматлашувига сабаблардан бири Қозоғистон билан эришилган келишувда эканини айтмоқда.

Қозоғистонлик сиёсий таҳлилчи Эдуард Политаев тожикларнинг қозоқлар бозорига кириб келиши, биринчидан, хитойликларга рақобат яратиши, иккинчидан эса Қозоғистон жанубини мева ва сабзавотлар билан таъминловчи ўзбекистонлик деҳқону боғбонларга қатор муаммолар туғдириши мумкинлигини таъкидлади.

“Қозоғистон жанубини йил бўйи мева ва сабзавотлар билан таъминлаб, шунинг ортидан тирикчилик ўтказиб турган ўзбекистонлик савдогарларга бу ерда ўрин қолмаслиги эҳтимолдан йироқ эмас”,- деди Эдуард Политаев.

У Қозоғистон ва Тожикистон ўртасида эришилган келишувда кичик сиёсат ҳам яширинганини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG