Линклар

logo-print

Москвада яна икки ўзбек ўлдирилди

  • Ҳасанжон

Россиядаги ахборот агентликлари хабарига кўра, 6 май куни кечқурун Москванинг “ВДНХ” метро станцияси яқинидаги туманда Ўзбекистоннинг икки фуқароси номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилган.

Маълумотларга кўра, сочи калта бўлган славян миллатига мансуб уч йигит фаррош бўлиб ишлайдиган 47 ёшли Ўктам Рафоевни металл таёқ билан уриб йиқитиб, танасига бир неча марта пичоқ санчган. У билан бирга яшайдиган 41 ёшли Матлуба Ахлядова эса шифохонага олиб кетилаётганда оламдан ўтган.

29 апрель куни Москва вилоятидаги Химки шаҳри ва Шёлково туманида ҳам ўзбекистонлик уч фуқаро ўткир жисмдан бўйнига етказилган жароҳатдан ҳалок бўлган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва таҳлилчилар Россияда миллий нафрат асосида, шунингдек, мусулмонларга нисбатан содир этилаётган жиноятлар кўпайиб бораётганидан бонг урмоқда.

Лондондаги “Жейнс” тадқиқот маркази таъкидича, Россияда миллатчилик кучайиб бормоқда. Ўз навбатида, бу Россия мусулмонларига босимни кучайтирмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Россия аҳолисининг тахминан 10 фоизини мусулмонлар ташкил этади. Бундан ташқари, Кавказ ва Марказий Осиё давлатларидан ишлаб пул топиш учун Россияга бир неча миллион ишчи мигрантлар борган. Ҳозир айнан улар ашаддий рус миллатчилари, яъни тақирбошлар нишонига айланмоқда.

Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Баҳром Ҳамроев “Озодлик” билан суҳбатда вазият ёмонлашиб бораётганини айтди.

“Миллий низолар, умуман тақирбошларнинг Марказий Осиё фуқароларига ҳужумлари кун сайин кўпайиб боряпти. Лекин Россия давлат идоралари ваъда бергани билан вазият яхши томонга ўзгармаяпти. Чунки бу, асосан, муҳожирларни қўрқитиш, яъни улар оқимини тўхтатиш мақсадида қилинаётган иш, деб ўйлайман”, – деди Б.Ҳамроев.

Москвадаги СОВА маркази ҳисоботида айтилишича, 2007 йилда рус миллатчилари ҳужуми оқибатида 638 киши жабрланган, улардан 69 нафари нобуд бўлган. Жорий йилнинг биринчи тўрт ойи давомида Россияда рус миллатчилари ҳужумидан 40дан ортиқ одам ўлган.

Москвадаги Исломий ҳуқуқ ҳимояси маркази директори Газали Раҳматшоев ҳам ҳозир Россияда фашистик қарашдаги оқим кучайиб бораётгани, ирқчилик ва миллатчилик асосида содир этилаётган жиноятлар таҳликали равишда кўпайиб бораётганини билдирди.

“Жуда кўп ўлим ҳоллари кузатилаётгани ҳақиқат. Марказий осиёликлар, жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам деярли ҳар куни ўлдирилади. Нима бўлаётганини тушуна олмаяпмиз. Биз бунга қарши курашяпмиз. Ҳамма ерда чиқиш қиляпмиз. Яқин кунларда бу муаммога бағишланган анжуман ўтказишни мўлжаллаганмиз”, – деди Г.Раҳматшоев.

Мустақил кузатувчилар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Россия ҳуқуқ-тартибот органлари мамлакатда рус бўлмаган халқлар вакилларига нисбатан ашаддий рус миллатчилари томонидан содир этилаётган жиноятлар муносиб жазоланмаётганини кескин танқид қилиб келмоқда.

Баҳром Ҳамроевнинг таъкидлашича, Россия ҳукумати мамлакатда миллий нафрат асосида содир этилаётган жиноятларга қарши чора кўриш масаласига лоқайдлик билан қарамоқда.

“Россия ҳукуматида бу жиноятларни тўхтатиш имкониятлари кўп. Лекин нимагадир ҳукумат бунга эътибор бермаяпти ёки бундай қилишни умуман хоҳламаяпти. Айрим меҳнат муҳожирлари билан суҳбатлашганимда улар Россия ҳукумати, яъни милиция ходимларининг тақирбошлар билан алоқаси бор, деган фикрни айтяпти. Албатта, улар шундай дейиш учун яхши асосга эга”, – деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Айни пайтда ҳуқуқ ҳимоячилари ирқчилик ва миллий нафрат асосида жиноят ва қотиллик содир этган рус миллатчилари жавобгарликка тортилмаётгани, ушланган жиноятчиларга эса қонунда кўзда тутилганидан кўра анча юмшоқ жазо белгиланаётганини шикоят қилмоқда.
XS
SM
MD
LG