Линклар

Майдондаги одамлар халқмиди ёки террорчи?

  • Садриддин Ашур

13 майда Андижон воқеалари содир бўлганига 3 йил тўлади. Ўтган уч йил анча изларни ювиб юборди, анча хотираларни ўтмаслаштирди. Шу вақтдан буён инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу воқеалар холис экспертлар томонидан текширилишини талаб қилиб келади.

Уч йилдан буён Ўзбекистон ҳукумати бу гапларни гўёки эшитмайди.

Уч йилдан буён Европа Иттифоқи Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонга қарши жорий қилган санкцияларни сақлаб келади.

Уч йилдан буён Андижон воқеалари тўғрисида ҳақ гапни гапирган мингга яқин одамлар Ватандан олисда, муҳожирликда яшамоқда

Уч йилдан буён ана шу одамлардан 67 киши Ўзбекистонга қайтиб келди.

Уч йил давомида Ўзбекистонни ўнлаб инсон ҳуқуқи ҳимоячилари, журналистлар тарк этди ва қамоқхоналарга ташланди.

“Озодлик” радиоси Андижон воқеаларининг уч йиллиги муносабати билан туркум эшиттиришлар тайёрлади. Бу сафарги мавзумиз Андижон воқеаларини ташкиллаштиришда айбланиб, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган 15 нафар акрамий устидан Тошкентда 2005 йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида бўлиб ўтган суд жараёнлари ҳақида. Орадан уч йил ўтиб ана шу суд жараёнига яна бир назар солиш ўринлидир. Кўпгина халқаро ташкилотлар бу суд жараёнига “яхшигина уюштирилган спектакль”, деб баҳо берган эди. “Озодлик” хулоса чиқармоқчи эмас, балки воқеага судда иштирок этган одамлар нигоҳлари билан қарайди. Дастлабки лавҳа “Майдондаги одамлар халқмиди ёки террорчи”, деб номланади.

Андижон воқеаларидан сўнг Бобур майдонига 13 май куни йиғилган одамларнинг миқдори ва уларнинг нима ҳақда гапиргани ҳақида ҳар хил гаплар айтилди. 15 акрамий устидан Тошкентда 2005 йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида ўтказилган судда ана шу саволга судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар ҳам жавоб берган эди. Ўзбекистон ҳукумати ўша куни майдонга кўп одам йиғилмагани, йиғилганлар ҳам акрамийларнинг қариндош-уруғлари эканини иддао қилади. Хўш, 13 май куни Андижондаги Бобур майдонига қанча одам йиғилган эди? Мингми, ўн мингми, қанча? Бу ҳақда гувоҳлардан бири бундай деган эди:

“Ëши ҳам киряпти, қариси ҳам киряпти, чоли ҳам киряпти. Ўзи бир жойга бориб қолган чоллар ўша ерда қатор ўтирибди. Ëнида хотинлар, келинлар. 7 ëшдан 30 ëшгача бўлган болалар ҳам ўтирибди шу ерда. Ўқувчилар ҳам шу ерда”.

Хўш, қанча? Сон-саноғи бормиди одамларнинг?

“Ўз хоҳиши билан томоша қиламан, деб кириб кетган одам бўлиши мумкин, лекин унинг ичида одам кўп бўлган. Ерларда, экинзорларда, бетонлар устида одамлар бўлган. У ерда киргани жой ҳам бўлмаган”,- деганди гувоҳ Дилшодбек Мамажонов.

Гувоҳ Абдувоҳид Иброҳимовга судга раислик қилувчи Бахтиёр Жамолов ҳам шу ҳақда савол берганди.

Бахтиëр Жамолов: Бир қанча одамлар, мингга яқин одамлар тўпланиб тургани, улар ичида биродарлар ва ëлланган одамлар бор эди, деб айтаяпсизда. Ëлланган одамлар, деганингизда қандай одамларни тушуниш керак? Кимлар улар?

Абдувоҳид Иброҳимов: Манави одамлардан ташқари одамлар. Оддий халқ.

Оддий халқ, деди Абдувоҳид Иброҳимов. Лекин судланганларнинг деярли ҳаммаси бир гапни такрорлаганди, гўё улар одамларни мажбурлаб уйларидан чиқариб, митингга олиб келган. Масалан, судланган Валижон Эргашев:

“Ўзим ҳам битта-иккита хонадонга кириб, одамларни зўрлаб олиб чиқдим. Худога шукур, улар индамасдан чиқди. Шу одамларни зўрлаб юриб, қўрқитиб, мажбурлаб митингга олиб келдик”.

Ёки гувоҳ Баҳодир Маҳкамов:

“Аҳолини ўзига чорлаяпти булар. “Биз қачонгача қул бўлиб яшаймиз. Биз эзилиб кетдик. Сизлар учун қўзғолон кўтардик. Чиқинглар. Бизга қўшилинглар. Биз сизлар учун қўзғолон қилдик. Сизларнинг онанглар бизнинг онамиз. Сизларнинг отанглар бизни отамиз”, деб аҳолига гапираëтганини эшитдим”.

Хўш, шундай қилиб, барибир гувоҳлар майдонда одамларнинг сони қанча экани ҳақидаги аниқ бир сонни гапирмади. Балки жабрланувчи сифатида гувоҳлик берган Фарғона вилояти хўжалик суди раиси Дилмурод Мирзакаримовнинг мана бу айтганлари бир аниқлик киритар:

“Тахминан сонини айтмайман, лекин мен битта нарсани аниқ айтсам ўзинглар кўз олдиларингга келтириб олинглар. Майдон катта. Майдонда одам шу даражада кўп эдики, майдон тўлиқ ва нарëғи кўринмаяпти. Балки 2000 тадир, балки 1000 тадир. Тумонат одам. Ҳар хил: аëллар, эркаклар, ëшлар”.

Норасмий манбалар 13 май куни Бобур майдонида 5 мингдан кўп одам йиғилганини айтади. Улар ҳукуматдан, асосан, ишсизлик, порахўрлик, кам иш ҳақи, турмушнинг оғирлиги каби ижтимоий муаммоларини ҳал қилиб беришни сўраган. Воқеанинг кейин қандай суръат олганини кейинги эшиттиришларимизда ҳикоя қиламиз.
XS
SM
MD
LG