Линклар

Шаклланган муносабатлар ўзгармайди

  • Ҳасанжон

Таҳлилчилар Россияда янги президент сайлангани билан Россия-Ўзбекистон муносабатлари аллақачон шакллангани, у Кремлнинг янги хўжайини Дмитрий Медведев даврида ўзгармаслигини таъкидламоқда.

Россиялик таҳлилчи Санобар Шерматова “Озодлик” билан суҳбатда бу муносабатлар эндиликда собиқ президент Владимир Путин даврида аллақачон шаклланиб бўлгани, В.Путин бу муносабатлар ўзгаришсиз қолишини таъкидлаб келганини билдирди.

“Янги президент ҳақида гапирадиган бўлсам, у Марказий Осиё учун янги одам эмас. Президент Медведев минтақа давлатлари пойтахтларида, жумладан, Тошкентда ҳам бўлган ва Ислом Каримовни яхши билади”, – деди россиялик таҳлилчи.

В.Путин Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонни ҳам Россия таъсир доирасида сақлаб қолишга астойдил ҳаракат қилиб келди. Таҳлилчилар Д.Медведев ҳам бу сиёсатни изчил давом эттиришга ҳаракат қилади, деган фикрда.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Комрон Алиев фикрича, Россия Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга нисбатан, аввало, ўз иқтисодий манфаатларини кўзлаб сиёсат юритмоқда.

“Россия кўпроқ рационал сиёсат олиб боришни ўзига мақсад қилган. Бу сиёсат яқин фурсатда фойда келтириши мумкин бўлган сиёсат, деб тушунилади. Масалан, Ўзбекистон ўзининг нефть ва газ захираларини бошқа давлатларга, айниқса, Европага Россияни четлаб ўтган муқобил йўл орқали юбориш йўлини танлайдиган бўлса, унда Россия Ўзбекистонга турли иқтисодий тазйиқлар ўтказишга ҳаракат қилади”, – деди К.Алиев.

Д.Медведев Россиянинг янги президенти сифатида хорижга илк сафарини Қозоғистондан бошлашни режалаштирган. Санобат Шерматова В.Путин ҳам 2000 йилда хорижга дастлабки сафарини Ўзбекистондан бошлагани, кейин Туркманистонга жўнаб кетганини эслатди.

“Д.Медведевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи эса у В.Путин юритган сиёсатни давом эттириш ниятида эканини англатади. Бундан ташқари, Д.Медведев Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовани яхши танийди. Гулнора Каримова Россия элитаси учун ташкил этган кечаларда Медведев ҳам қатнашган. Ўзаро муносабатларда буларни ҳам назарга олиш керак бўлади”, – дейди россиялик таҳлилчи.

Комрон Алиев Д.Медведевнинг президентлик даврида Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам нафақат Россия, балки бошқа ривожланган давлатлар билан муносабатларни яхшилаш орқали кўп векторли сиёсат юритишини башорат қилди.

“Россиянинг асосий марфаати Марказий Осиё давлатлари ўз сиёсатини Москва билан келишиб олиб боришидан иборат. Лекин минтақа давлатлари ва уларнинг раҳбарлари ўз манфаатига эга. Бу манфаатлар, масалан, янги дўстлар орттириш, Россия, Европа ва Хитой ўртасида мувозанатли сиёсат юритишга ҳаракат қилишдан иборат. Бу уларнинг ҳозирги ва кейин олиб борадиган сиёсатида инобатга олинади ва сезилиб туради”, – деди Комрон Алиев.
XS
SM
MD
LG