Линклар

logo-print

Кечаги президент бугун бош вазир

  • Ҳасанжон

Владимир Путин япониялик дзюдочи билан беллашаëтир.

Владимир Путин япониялик дзюдочи билан беллашаëтир.

Россияга саккиз йил президент бўлган Владимир Путин ваколат муддати тугагандан сўнг Давлат думасининг 8 май кунги йиғилишида бош вазир лавозимига тасдиқланди. Унга 392 депутат овоз берди, 56 овоз қарши бўлди.

Давлат думасининг 8 май кунги махсус йиғилишида янги президент Д.Медведев депутатларни В.Путин номзодини бош вазир лавозимига тайинлаш ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлашга чақирди.

“Биз Россия давлатчилиги, унинг хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун президент Путин кўп иш қилганини биламиз. Бундан ташқари, биз Россиянинг халқаро саҳнадаги роли тубдан ўзгарганини ҳам биламиз. Содда қилиб айтганда, Россия яна нуфузли давлатга айланди”, – деди янги президент.

Давлат думасида кичик фракцияни ташкил этган Коммунистик партия аъзоларигина В.Путиннинг бош вазир лавозимини эгаллашига қарши овоз берди. Россия Либерал демократик партияси ва “Ягона Россия” президент таклифини қўллаб-қувватлади. Думадаги ўринларнинг учдан икки қисмини “Ягона Россия” аъзолари эгаллагани учун В.Путиннинг бош вазир этиб тайинланишига россияликлар асло шубҳа қилмаган эди.

Кузатувчилар кўп йиллар давомида Владимир Путиннинг яқин ҳамкори бўлиб келган Д.Медведев президент бўлганидан кейин ҳам муҳим масалаларда у билан маслаҳатлашади, деган фикр билдирган эди. Д.Медведев ўз чиқишида таҳлилчилар фикри тўғри эканини исботлади.

У собиқ президент билан ҳамкорликни давом эттиришини яна бир карра таъкидлади: “Ўтган йиллар давомида биз бирга ишладик ва ҳозир ҳам бирга ишлаяпмиз. Мен ҳамкорлигимиз мустаҳкамланишига ҳеч ким шубҳа қилмайди, деб ўйлайман”, – деди Дмитрий Медведев.

Депутатлар овоз беришидан олдин чиқиш қилган В.Путин агар бош вазир лавозимига тайинланса, мамлакатда инфляцияни жиловлаш, янги турар-жой бинолари қуриш, оилаларга берилаётган ёрдам пулини кўпайтириш, қуролли кучлар сафида хизмат қилаётганлар шароитини яхшилашни ваъда қилди. Путин мамлакатни бошқарган сўнгги саккиз йил давомида эришилган ютуқлар ҳақида гапириб, бу муваффақиятлар билан чекланиб қолиш ўринсиз бўлишини таъкидлади.

“Олдинда улкан вазифаларни бажариш масъулияти турибди. Гап мамлакат Конституцияси ёки қонунларида назарда тутилган нарсалар ҳақида бораётгани йўқ. Гап ушбу залда ва президиумда ўтирган ҳар биримиз эришган муваффақиятимиз билан чекланиб қолмай, аксинча истиқболга қарашимиз кераклиги ҳақида боряпти”, – деди Владимир Путин.

Давлат думаси депутатлари Владимир Путин номзодини бош вазир лавозимига тасдиқлаш ҳақидаги президент таклифини ёқлаб овоз берганидан кейин чиқиш қилган В.Путин ўзи бошчилик қиладиган ҳукуматининг асосий вазифаси Россия халқи фаровонлигини таъминлашдан иборат бўлишини айтди.

“Ҳукуматнинг энг асосий ва устивор мақсади айнан инсоннинг бахт-саодати, одамларга муносиб ҳаёт шароитини яратишдан иборат бўлади. Биз барча дастур ва лойиҳаларимизни мана шу мақсадга асосланган ҳолда тузамиз”, – дея баёнот берди Россия бош вазири Владимир Путин.
XS
SM
MD
LG