Линклар

“Акрамийлар онаси”нинг қаерда экани ҳозирча номаълум

  • Фаррух Юсуфий

Акрамийлар етакчиси сифатида қараладиган Акрам Йўлдошевнинг рафиқаси Ёдгора Йўлдошева Ўзбекистонга қайтгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бироқ на расмийлар, на бошқалар унинг Ўзбекистонда эканини тасдиқламаяпти.

Дастлаб “Ўзньюс.нет” агентлиги сайтида икки йилдан бери ватанига қайтишга ҳаракат қилаётган Ё.Йўлдошева ва унинг яқин қариндошлари Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ёрдамида юртига қайтганини ёзганди. Ватанни тарк этган 500 андижонлик орасида бўлган Ёдгора Йўлдошева икки ярим йилдан бери АҚШнинг Айдаҳо штатида муҳожирликда яшаб келган ва ҳақиқатан ҳам бир неча марта уйга қайтишга ёдам беришни сўраб Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилган.

Хабарларга кўра, Ёдгора Йўлдошева билан бирга унинг яқин қариндошлари, укаси, синглиси ва фарзандларидан иборат жами ўнга яқин қочқин Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси кўмагида ватанига қайтиб кетган.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан акрамийлик оқими етакчиси сифатида кўрилиб 17 йилга қамалган ва қамоқдан туриб Андижон воқеаларини уюштирганликда айбланган Акрам Йўлдошевнинг аёли ва яқин қариндошлари Ўзбекистонга қайтгани ҳақидаги маълумотни расмийлар тасдиқламади. Шунингдек, Европа мамлакатларидан бошпана олган, лекин АҚШдаги тақдирдошлари билан мунтазам алоқада бўлиб турган андижонлик қочқинлар ҳам бу ҳақда “Озодлик” мухбиридан эшитганини билдирди.

Исми ошкор этилмаслиги шарти билан гапирган қочқинлардан бири: “Ёдгора опа Ўзбекистонга қайтганида, бу ҳақда биз билган бўлардик”,- деди.

Унинг айтишича, Ёдгора Йўлдошева ва у билан Айдаҳо штатида яшаб келган яна бир гуруҳ қочқинлар бундан бир неча ой аввал АҚШнинг бошқа штатига кўчиб кетиш нияти ҳақида гапирган. Лекин анчадан Ўзбекистонга қайтишга ҳаракат қилаётган бўлса-да, яқин орада қайтиши ҳақида гапирмаган.

Айдаҳо штатидан шу йилнинг бошроғида бошпана олган ўзбекистонлик қочқинларнинг билдиришича, Ёдгора Йўлдошева бошлиқ бир гуруҳ қочқинлар ҳақиқатан ҳам Айдаҳодан кетган, лекин улар Ўзбекистонга етиб бормаган ва ҳозир АҚШ пойтахти Вашингтонда қолмоқда.

Андижон воқеалари боис мамлакатни тарк этган ва Америкадан бошпана олган қочқинлар анчадан бери ватанига қайтиш истаги билан Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилишади. Бироқ бу мурожаатлари, ўзларининг айтишига кўра, жавобсиз қолиб келаётган эди. Шу сабабдан кейинги бир неча ой ичида АҚШдаги қочқинлар бир неча марта “Озодлик”ка ҳам қўнғироқ қилиб, қайтиш ҳақидаги илтимосномаларини Ўзбекистон расмийларига етказишда ёрдам сўраганди.

“Биз аëл киши бўлсак. 13 май куни фақат қўрқувдан қочиб кетганмиз, холос. Бизнинг ҳеч қанақа айбимиз йўқ. Гуноҳимиз йўқ. 3 та фарзандим кўз тикиб мўлтираб кетди”,- деганди 1 май куни радиога Айдаҳодан қўнғироқ қилган бир қочқин.

Исмини ошкор этишни истамаган бу қочқин ўша куни, яъни 1 майда Ёдгора Йўлдошева ҳали Айдаҳо штатида эканини ҳам айтган эди. Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасига улар биргаликда мурожаат қилган.

“Ҳа, Вашингтондаги элчихонасига борганмиз. Улар билан гаплашдик. Бизга яхши муносабатда бўлишди. Биз ўзимиз ариза ëздик. Жавобни Ўзбекистон беради, деб айтишди. Шунга Ўзбекистонга хат, ариза ëзайлик деяпмиз-ку, лекин номерларини билмаяпмиз. Сизлардан факсининг номери борми, деб сўраш учун қўнғироқ қилаëтган эдим”,- деган эди бундан олти кун аввал АҚШдаги қочқинлардан бири.

Ёдгора Йўлдошеванинг ўзи ҳам бундан тахминан бир ярим йил аввал Ўзбекистонга қайтиш ҳақидаги ариза билан элчихонага мурожаат қилганини айтган эди.

“Аризани ҳақиқатан ҳам ëзганмиз. Мана бу ойда ëки мана бу кунда кетасиз, деган гапни айтишмади. Биз фақат ариза берганмиз, холос”,- деган эди Ёдгора опа 2006 йилнинг ноябрида “Озодлик” билан суҳбатда.

Айдаҳодан бошпана олган бошқа қочқинлар сўзларига кўра, андижонликларни қайтариш учун уларнинг Ўзбекистондаги қариндошларга босимлар ўтказилгани, шунингдек, уларнинг ўзлари билан ҳам тушунтириш ишлари олиб борилгани ҳақида гапириб беришган. Лекин шундай бўлса-да, икки йилдан бери бу қочқинларга, жумладан, Ўзбекистон ҳукумати “андижонлик биринчи рақамли террорчи”, деб ҳисоблайдиган Акрам Йўлдошевнинг оиласига қайтишга рухсат берилмай келгани ҳам қизиқ, албатта. Бунинг сабаблари вақти келганда ошкор бўлар.
XS
SM
MD
LG