Линклар

logo-print

АҚШ ҳарбий атташелари Москвадан қувилди

  • Ҳасанжон

Сўнгги олти ой давомида Россиянинг икки дипломати АҚШдан чиқариб юборилгани ортидан 8 май куни АҚШнинг Москвадаги элчихонаси икки ҳарбий атташеси Россиядан чиқариб юборилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатнинг Вашингтондаги элчихонаси бунга изоҳ беришдан бош тортмоқда. АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳам бу ҳақда маълумот беришни хоҳламади.

Бироқ АҚШ Давлат департаманти матбуот вакили Шон МакКормак бу воқеа аҳамиятини камайтиришга ҳаракат қилди. Россия Мудофаа вазирлигининг бир вакили ўтган йил ноябрида, бошқаси жорий йил апрелида АҚШдан чиқариб борилган эди. Шон МакКормак икки ҳарбий атташенинг Россиядан чиқариб юборилгани Москва расмийларининг жавоб чораси эмаслигини таъкидлади.

“Биз шундай қилишимизга улар, яъни россияликлар сабабчи бўлди. Мамлакатдан чиқариб юбориш ҳолатлари оқланмайди. Аммо дипломатия дунёсида бундай воқеалар вақти-вақти билан содир бўлиб туради”, – деди Давлат департаменти расмийси.

АҚШ ҳарбий атташеларининг Россиядан чиқариб юборилиши сабабини айтишдан бош тортган Шон МакКормак Вашингтон бунга қарши чора кўришни режалаштирмаётганини билдирди.

“Биз бу хатти-ҳаракатга қарши жавоб чораси кўриш ҳуқуқига эгамиз. Аммо ҳозирча биз бундай қилмоқчи эмасмиз”, – деди Шон МакКормак.

Сўнгги йилларда АҚШ-Россия муносабатлари таранглашди. Жорж Буш АҚШ президенти вазифасини бажаришга киришган пайтда Россия раҳбари Владимир Путинни ишончли дўст, деб атаган эди. Бироқ Буш ва 7 май куни президент лавозимидан истеъфога чиққан Путин ўртасида қатор масалалар юзасидан келишмовчилик пайдо бўлди.

Москва Россиядаги инсон ҳуқуқлари аҳволига бефарқлик билан қараётгани, АҚШ ракета ҳужумидан мудофаа тизимининг бир қисмини Шарқий Европага жойлаштириш режаси, бир пайтлар Москва таъсирида бўлган давлатларнинг НАТОга қўшилиш йўлидаги уриниши Оқ уй томонидан қўллаб-қувватлангани шулар жумласига киради.

Бироқ Шон МакКормак америкалик ҳарбий атташеларнинг Россиядан чиқариб юборилгани икки давлат ўртасида душманчилик кучайиб бормоқда, деган маънони англатмаслигини таъкидлади.

“Ўзаро ҳамкорлик алоқалари жуда кўп соҳани ўз ичига олади. Юқорида айтиб ўтганимдек, бундай нарсалар вақти-вақти билан қайтарилиб туради. ... Менимча, кўпчилик сўнгги нохуш воқеага қарамай, биз ўз дипломатик вазифамизни бажара оламиз, деган фикрда”, – деди Шон МакКормак.
XS
SM
MD
LG