Линклар

logo-print

АҚШ Покистонни терроризмга қарши курашни давом эттиришга чақирди

  • Ҳасанжон

Покистоннинг шимоли-ғарбида жойлашган Банну шаҳрида шу ҳафтада амалга оширилган худкуш ҳужум Афғонистонга чегарадош Вазиристон вилоятида икки ойдан бери ҳукм сураётган тинчликка путур етказди.

Шунингдек, бу ҳужум жангарилар билан тинчлик келишуви имзолаш тарафдори бўлган Покистон бош вазири Юсуф Риза Жилонийнинг ташаббусига берилган жиддий зарба бўлди.

АҚШ давлат котиби ўринбосари Жон Негропонте шу ҳафтада Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида Покистон ҳукумати қавмлар яшайдиган вилоятларда ўз назоратини ўрнатиши муҳим эканини таъкидлади. Чунки Афғонистон билан чегарадош бўлган 27 минг квадрат километр ҳудуднинг айрим минтақалари толиблар ва “Ал-Қоида” жангарилари назоратида экани тахмин қилинмоқда.

“Биз Покистоннинг чегара минтақасидаги зўравон экстремистларга қарши курашда Покистон фуқаролари ва қўмондонлари ишончли ҳамкор бўлиб қолишига умид қиламиз. Покистон ҳукумати бу минтақани назоратга олиши жуда муҳим эканини яхши билади. Таъкидлашим лозимки, Покистон ҳукумати зўравон экстремизмнинг ўчоғи бўлган қабилалар бошқарувида бўлган ушбу минтақани ўз назоратига олиши керак. Экстремистлар бу минтақада террорчиларни тайёргарликдан ўтказиши, ҳужумларни режалаши ва уни Афғонистон, Покистон ва дунёнинг бошқа жойларида амалга ошириши қабул қилиб бўлмас ҳол”,– деди Жон Негропонте.

Вашингтон расмийлари Покистоннинг янги ҳукумати толиблар билан музокара олиб бораётганидан ташвишда. Бош вазир Юсуф Риза Жилоний чегара минтақасида тинчлик ўрнатиш учун музокара олиб боришни устивор мақсад қилиб белгилаган.

АҚШ исёнчилар билан тинчлик музокаралари олиб борилишига қарши бўлаётгани бежиз эмас. Покистон ҳукумати 2004, 2005 ва 2006 йилларда Афғонистон билан чегарадош Вазиристон вилоятида турли келишувга эришган. Бироқ АҚШ, НАТО ва Афғонистон ҳукумати толиблар кучайиб, Афғонистон ва Покистонда хавфсизликка путур етишида айнан ушбу келишувлар сабабчилигини айтмоқда. Шу боис, Жон Негропонте жангарилар билан тинчлик музокаралари ўтказилишига кескин қарши чиқмоқда.

Покистоннинг янги коалиция ҳукумати Вазиристондаги вазиятни ўнглашга ҳарбий йўл билан эмас, миллий ярашув, тараққиёт ва ижтимоий ўзгаришлар қилиш орқали эришиш кераклигини таъкидламоқда. Бу таклифни президент Парвез Мушарраф ҳам қўллаб-қувватлаган.

Жон Негропонте АҚШ Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош вилоятлари аҳолиси турмуш даражасини кўтариш ва минтақани ривожлантириш тарафдори экани, бунинг учун Оқ уй йилига 150 миллион доллар сарфлашни кўзда тутган беш йиллик режа ишлаб чиққанини билдирди.

Ҳозир Шимоли-ғарбий чегара вилоятини пуштун миллатчиларининг “Авомий” миллий дунёвий партияси бошқармоқда. Эълон қилиниши кутилаётган тўрт миллиард долларлик дастур доирасида минтақада полиция кучлари сонини кўпайтириш орқали хавфсизликни яхшилаш назарда тутилган. Бундан ташқари, дастурда қишлоқ жойларини ривожлантириш учун 600 миллион доллар сарфлаш мўлжалланган.

Покистондаги хавфсизлик масалалари бўйича Нью-Йоркдаги таҳлилчи Ҳомид Ҳусайн фикрича, АҚШ, НАТО ва халқаро ҳамжамият Вазиристон бўйича ишлаб чиқилган дастурни қўллаб-қувватлаши лозим. Акс ҳолда бу дастурнинг амалга ошиши эҳтимолдан йироқ.

“Покистон ҳукумати сўнгги йилларда ўзининг бор маблағини Вазиристондаги ҳарбий амалиётлар учун сарфлади. Ҳозир эса қабилалар яшайдиган вилоятни ривожлантириш учун ишлаб чиқилгани каби дастур керак. Вилоят аҳолисини, асосан, пуштунлар ташкил этади. Пуштунлар муаммолари ва уларни қандай ҳал этишни яхши билгани учун Пешавор шаҳридаги пуштунлар бошчилигидаги маҳаллий ҳукумат Исломободга ёрдам бериши керак. Қабилалар яшайдиган минтақани ривожлантириш ҳам Покистон, ҳам Афғонистондаги хавфсизлик учун жуда муҳимдир”, –деди Ҳомид Ҳусайн.
XS
SM
MD
LG