Линклар

Қорачечак Ўзбекистонга қайтдими?


http://kungrad.com/img/a69.gif Россиянинг “Росбалт” ахборот агентлиги Ўзбекистонда қорақалпоғистонлик икки ёш йигитда қорачечак касаллиги аниқлангани ҳақида хабар берди. Бироқ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу маълумотни бутунлай инкор қилади.

“Росбалт” хабарида айтилишича, асли қорақалпоғистонлик бемор йигитлар Тошкентга темир йўл транспорти техникумига ҳужжат топширишга келганида уларнинг касал экани аниқланган. Шундан сўнг улар тўла изоляция қилиниб, эпидемиолог врачларнинг жиддий назоратига олинган.

“Интерфакс”нинг 8 май куни эълон қилинган хабарида эса Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги амалдори Бахтиёр Ниёзматов икки йигитда қорачечак аниқланганини бутунлай инкор қилган. Вазирликнинг бошқа бир вакили “Озодлик” билан суҳбатда ҳам “Росбалт” хабарини рад этди.

Тиббий маълумотларга кўра, қорачечак ўта юқумли вирусли касаллик бўлиб, одамга ҳаво томчи йўллари орқали юқади. Бу хасталикка қарши эмлаш ишлари 20-аср бошларида бошланган. Ўша пайтда эмлаш орқали Европа ва АҚШ бу инфекциядан сақлаб қолинган.

1958 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қорачечакни тўлалигича йўқ қилиш кампаниясини бошлаган. Бу кампания 20 йил давом этган ва 1971 йилда Жанубий Америкада, 1975 йилда Осиёда, 1977 йилда Африкада қорачечак бутунлай йўқ қилинган.

Айрим маълумотларга кўра, Марказий Осиëда қорачечак сўнгги бор 1971 йилда қайд қилинган. Ўшанда Қозоғистоннинг Аральск шаҳрида бирданига 9 кишида қорачечак аниқланган, улардан уч нафари вафот этган.

Ўзбекистонлик эпидемиологлардан бирининг билдиришича, мамлакатда 1980 йилдан кейин туғилган шахслар орасида касалликка чалиниш хавфи мавжуд. Чунки айнан ўша йилгача туғилганлар орасида касалликка қарши эмлаш ишлари олиб борилган.

1980 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда қорачечак касаллиги бутунлай йўқ қилинганини расман эълон қилган ва шу пайтдан бошлаб касалликка қарши эмлаш барча жойларда тўхтатилган.

“Росбалт” ахборот агентлиги Ўзбекистонда қорачечак тарқалишига Орол денгизидаги Возрождение оролчасида жойлашган биологик қуролларнинг синов полигонини сабаб қилиб кўрсатади. 1948 йилда қурилган ушбу синов полигони дунёдаги энг катта полигонлардан бири ҳисобланади.

Сталин бошқаруви даврида оролчасида ўта хавфли жиноятчиларга мўлжалланган аёллар колонияси жойлаштирилган. 1953 йилгача таржиба-синов ишлари айнан маҳбусларда ўтказилган. Полигондан 1972 йилгача фойдаланилган.

Қорақалпоғистонлик кузатувчи Солижон Абдураҳмонов сўзларига кўра, Совет Иттифоқи тарқаб кетгандан сўнг АҚШ ёрдамида полигонни зарарсизлантириш ишлари ўтказилган.

“Бироқ полигон тўла зарарсизлантирилгани ҳақида ҳеч қандай ахборот йўқ. Қорақалпоғистондаги соҳа мутахассисларининг ўзаро суҳбатларда айтишича, оролдаги биологик қуроллар ҳалигача тўлиқ зарарсизлантирилмаган ва Орол денгизи сатҳи пасайиши оқибатида Возрождение оролининг умуман қурғоқ билан туташиб кетиш хавфи жуда юқори. Ундан кейин ўша жойда зарарли моддалар микроблари катта қуруқликка тарқаши эҳтимоли жуда юқори”,- деди С.Абдураҳмонов.

“Интерфакс” тарқатган маълумотга кўра, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили қорачечак оролдаги полигондан тарқалганини инкор қилар экан, бу ҳудуд тегишли ташкилотларнинг жиддий назоратига олингани, 200 километр радиусда ҳеч ким яшамаслигини таъкидлаган.
XS
SM
MD
LG