Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:22

Ярим дунё Ғалаба кунини, Ўзбекистон Хотира ва қадрлаш кунини нишонлади


Фашизм устидан қозонилган Ғалаба куни Ўзбекистонда Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланди. Сана муносабати билан ҳукумат Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини 80 минг сўм (60 доллар) пул билан рағбатлантирди.

Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонда уруш қатнашчилари 100 АҚШ доллари, Қирғизистонда эса 65 доллардан мукофот олди.

Иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистондан бир ярим миллиондан ортиқ одам сафарбар қилинган эди. 420 минг ўзбекистонлик урушда ҳалок бўлди ёки бедарак йўқолди.

Фарғоналик Муҳсинжон ака 9 майда ўзбекистонликлар марҳумларни хотирлашини айтади.

“Энди президентимиз шу нарсани таклиф қилибди. Бу одам биринчимизда. 26 миллион халқнинг устидаги ягона одам шу. Ҳозир энди хотирлаш куни қиляпти, лекин Улуғ Ватан уруши қатнашчиларига қанчадир моддий ëрдам бериляпти, рағбатлантириляпти, кўнгли кўтариляпти. Мана, бу йил 80 минг сўмдан ҳар бир уруш қатнашчисига совға беришибди. Ҳамма маҳаллаларда тадбирлар ўтказиляпти. Уруш қатнашчиларини чақириб, меҳмон қилиб иззат-икром кўрсатишяпти. Шу баҳонада қабристонлар ҳам обод бўляпти. Одамларда қабристонга бориш жуда йўқолиб кетган эди. Кимдир ўлса борарди, Ҳайитда борарди. Икки ҳайитда бориш Исломдаги бир бурч, қадрлаш куни бориш эса учинчи бир бурч бўлиб қолди”,- деди Муҳсинжон ака.

Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло:

“Бизда энди Хотира ва қадрлаш куни, деб айтилади. Ғалаба куни дейилмайди. Ўлганларни хотирлаш жуда савоб. Абдулла Қодирий “мозийни эслаш хайрли бўлади”, деб айтган-ку. Ўлганлар руҳини шод қилиш, бир калима Қуръон ўқиб эслаш жуда хайрли иш. Энди хотирлаш билан қадрлаш, деган гапни ҳам қўшдик. Ўлганларни эслаб, тирикларни эсдан чиқармаслигимиз керак. Буюк шоиримиз Мақсуд Шайхзоданинг шеъри бор:

Дўстлар, яхшиларни авайлаб сақланг,
Салом деган сўзнинг салмоғин оқланг.
Ўлганда 100 соат йиғлаб тургандан
Уни тиригида бир соат йўқланг.

Биз, албатта, тирикларнинг қадр-қимматини унутмаслигимиз керак”.

Шукруллонинг сўзларига кўра, умрида қўлига қурол ушламаган ўзбеклардан фронтда тирик девор сифатида фойдаланилган.

“Ўзбек дивизияси, дегани бўлган. Ўзбек дивизиясига хом-хатала, умрида қўлига қурол ушламаган одамларни олиб, Сталинградда девор ўрнида қўйиб қириб юборган вақтлари ҳам бўлган. Қўлида битта милтиқ бўлиб битта ўқ отса ҳам бўлади дегандай. Моддий томондан ўзимиз емасдан, ўзимиз оч қолиб, урушга дон-дун, мева-чева юбориб турганмиз. Етим-есир болаларни кўпроқ биз боққанмиз. Рус халқи бизнинг қадримизга етиши керак. Фашизм устидан қозонилган ғалабада бизнинг жуда катта ҳиссамиз бўлган. Русларнинг буюк ëзувчилари шу ерга келиб кун кўрган. Нафақат ëзувчиларни, балки минглаб етим-есирларни биз шу ерда тарбиялаб вояга етказганмиз”,- деди Шукрулло.

Лекин Иккинчи жаҳон урушининг ўзбеклар ва Ўзбекистон тақдирига ўзгача таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида бошқа гаплар ҳам бор. Гап немислар томонидан ташкил этилган Туркистон легиони ҳақида боряпти. Собиқ итифоқ даврида бу легионга “хоинлар” тамғаси босилганди.

Лекин адабиётшунос Абдулла Абдураззоқ фикрича, аслида ундай эмас. Бу легион Ўзбекистоннинг мустақил ва коммунистик тузумдан халос бўлиши учун кураш олиб борган.

“У ëқда Туркистон легиони тузилган. Улар Туркия билан шартнома қилган. Туркия ҳам бизни озод қилиш учун немислар томонда туриб Совет Иттифоқига қарши курашган. Бунинг моҳиятини тушунганлар Туркистон легиони сафида немислар билан бир бўлиб Совет Иттифоқига қарши курашган. Гитлер Ўзбекистонни Туркияга берамиз, озод қиламиз, деб ваъда берган. Лекин Туркистон легионидагилар ва Боймирза Ҳайитлар унинг ваъдасига ишонмаган. Лекин битта нарсага ишонишганки, агар Гитлер ғалаба қозониб қолса, Ўзбекистон Россия панжасидан чиқиб Гитлер панжасига тушади. Лекин халқаро стандартлар бўйича руслар қадар кўп сўрмайди. Биринчидан, Ўзбекистонга Европа технологияси кириб келади. Иккинчидан, коммунистик режим балосидан ўша вақтнинг ўзида озод бўлинади. Учинчидан, агар ўшанда немис босиб олган тақдирда руслардай келиб қадалиб турмас эди. Халқаро стандартлар бўйича солиғини соларди. Пахтадан 25 фоизми, 30 фоизми, қолгани эса ўзимизга қоларди. Россияда бизда 10дан бири ҳам қолгани йўқ. Ҳаммаси Россия орқали четга сотилди. Ўша пайтда Европа, Германия технологияси бизга кириб келган ва ривожланиш қаттиқ бошланган бўларди”,- деди Абдулла Абрураззоқ.
XS
SM
MD
LG