Линклар

АҚШ Сурия ва Эронни “Ҳизбаллоҳ”ни қувватлашда айблади

  • Ҳасанжон

Ливан ҳукумати кучлари ва “Ҳизбаллоҳ” гуруҳи ўртасида бир неча кун муқаддам бошланган қуролли тўқнашувлар натижасида шу кунгача камида 25 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Вашингтон ушбу тўқнашувларда Эрон ва Сурия “Ҳизбаллоҳ”ни қўллаб-қувватлаётганини билдириб, уларни бу ишни тўхтатишга чақирди.

Оқ уй матбуот вакили Гордон Жондроу Ливандаги вазият ҳақида гапириб: “Биз “Ҳизбаллоҳ”нинг хатти-ҳаракатидан жиддий ташвишдамиз. Биз “Ҳизбаллоҳ”ни демократик йўл билан сайланган Ливан ҳукуматининг қонуний қарорини бажармаслик йўлидаги уринишини тўхтатишга чақирамиз. Шунингдек, биз Эрон ва Сурияни “Ҳизбаллоҳ”ни қўллаб-қувватлаш ва Ливанда беқарор вазият юзага келтириш уринишини тўхтатишга чақирамиз”, – деди.

Гордон Жондроу минтақа давлатларини демократик йўл билан сайланган Ливан ҳукуматини қўллаб-қувватлашга даъват қилди.

АҚШ Давлат департаменти эълон қилган баёнотда Вашингтон Ливан бош вазири Фуад Синиора ҳукуматини қўллаб-қувватлаши, шунингдек, дунёнинг бошқа етакчи давлатлари билан Ливан ҳукуматини қўллаш масаласи кўрилаётгани билдирилган.

Ливанда юзага келган кескин вазиятни юмшатиш учун Саудия Арабистони араб давлатларини зудлик билан ташқи ишлар вазирлари йиғилиши ўтказишга чақирди.

Ливан ҳукуматига қарашли кучлар ва “Ҳизбаллоҳ” ўртасидаги тўқнашувлар кўпчиликда Ливан яна фуқаролар уруши сари яқинлашмоқда, деган хавотир уйғотди.

Ливан ҳукумати эълон қилган баёнотда “Ҳизбаллоҳ” Ливан демократиясига қарши “қуролли давлат тўнтариши” амалга оширгани билдирилган. Мазкур баёнотни Ливан насронийлари раҳбари Самир Жажа ўқиб эшиттирди.

“Байрут ва шаҳар аэропортида “Ҳизбаллоҳ” қуролли давлат тўнтариши амалга оширди. Бу конституцияга, миллий келишув, халқаро резолюциялар, айниқса, Ливанда қуролли гуруҳлар фаолиятини тақиқловчи 1701-резолюцияга нисбатан қуролли давлат тўнтаришидир”, – деди Ливан ҳукумати вакили.

Ҳозир пойтахт Байрутнинг аксар қисмини “Ҳизбаллоҳ” аъзолари назорат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG