Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:29

Жанубий Корея Ўзбекистон нефти ва газига ташна


http://www.uza.uz/ru/images/505t.jpg 11 май куни расмий ташриф билан Тошкентга келган Жанубий Корея бош вазири Хан Син Су Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашиши ва икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилиши режалаштирилган.

Корея бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи давомида мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий алоқларни ривожлантириш ва энергетика соҳасидаги ҳамкорлик кун тартибидаги асосий масала бўлиши айтилмоқда.

Бир кун аввал И.Каримов Кореянинг юк ташиш бўйича дунёда етакчилик қилаётган “Korean Air” авиакомпанияси раиси Янг Хо Чойни қабул қилганди.

“Бугунги учрашувимиз жорий йил Сеулда ўтказилган муҳим учрашувимиз давомидир. “Korean Air” дунёда эътироф этилган энг йирик юк ташувчи компания эканига ишончимиз комил. Биз ҳамкасбларингиз ва ширкатингиз билан алоқалар истиқболига катта эҳтиром ва ишонч билан қараймиз”,- деди И.Каримов “Korean Air” авиакомпанияси раисига.

Корея авиакомпанияси билан ҳамкорлик “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясига дунёда йўловчи ва юк ташиш бўйича қатновларнинг 35 фоизини назорат қиладиган “Sky Team” альянсига қўшилишга ёрдам бериши айтилмоқда. Лекин Корея авиакомпанияси билан ҳамкорлик Корея Республикаси билан мавжуд ҳамкорлик имкониятларининг бир томчиси, холос.

2006 йил мартида И.Каримов Кореяга расмий ташрифи давомида корейс компанияларининг Ўзбекистонга ишончини қозонишга уринганди. Ўшанда у Ўзбекистон ва Корея ўртасида имзоланган стратегик шериклик тўғрисидаги меморандум тарихий аҳамият касб этишини таъкидлаганди.

Бироқ ҳозирча Ўзбекистонга Кореянинг нефть ва газ компанияларидан ташқари бошқа ширкатлари қизиқиши катта эмас. Корея миллий нефть ва газ корпорацияси ҳамда UNG ширакати эса ҳозирча Ўзбекистондаги икки нефть ва газ майдонини ўзлаштириш ҳуқуқини қўлга киритди. Корея томони ҳам Ўзбекистондаги қизиқиши нефть ва газ эканини очиқчасига айтиб келган.

Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Жеоун Хюн Рью: “Аввал ҳам қайд этганимиздек, биз энергетика ва табиий захираларни ўзлаштириш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқмоқдамиз”,– деди.

Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги мураккаб шароитда фаолият юритаётган корхоналари бошқа хорижий инвесторлар каби конвертациядан тортиб оддий виза олиш масаласига қадар турли-туман муаммоларга дуч келмоқда. Ўзбекистон ҳукумати томонидан бизнеси тортиб олинган “Кабул текстайлс” ширкати директори Донг Канг кореяликларнинг Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш соҳасига келиши жуда мушкул эканини билдирди.

“Шахсан мен ҳозирча яхшиси Ўзбекистондан узоқроқ бўлиб туришни афзал кўраман. Кореялик тадбиркорлар, афсуски, Ўзбекистонга ишонмайди”,– деди Донг Канг.

Бироқ нефть ва газга ташналик Корея ҳукуматининг Ўзбекистонга талпинишини камайтирмайди. Ўзбекистон ҳукумати ҳам корейсларни ишончли ҳамда эҳтимол коррупция ва демократия масалалари билан қизиқмайдиган содда ҳамкор сифатида билса, ажаб эмас. Мамлакат ташқарисида иш қидираётган оддий ўзбекистонликлар учун эса Корея мўмайгина пул топиш имкониятидир.
XS
SM
MD
LG