Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:29

Қатнов нафақат борди-келдини кўпайтиради


Тожикистон ва Афғонистон ўртасида автобус қатновини йўлга қўйиш тўғрисида икки томонлама шартнома имзоланди. Автобуслар Тожикистон пойтахти ва Афғонистоннинг Қундуз шаҳри оралиғида қатнаши айтилмоқда.

Бу икки давлат ўртасида илк бор автобус қатнови йўлга қўйилмоқда. Шу пайтгача бу мамлакат ўртасида фақат ҳафтада бир марта самолёт қатнови амалга ошириларди.

Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Саидмуҳаммад Хайрихоҳнинг билдиришича, режалаштирилаётган автобус қатнови туфайли сайёҳлар ва тадбиркорлар борди-келдиси кенгайиб, икки давлат манфаатлари учун хизмат қилади.

“Тожикистон жанубида Қуйи Панж дарёсида АҚШ сармоясига қурилган кўприк ҳали тўла ишга тушмагани, афғонистонлик фуқароларнинг визани ўз вақтида расмийлаштира олмаётгани, Афғонистон ҳудудида йўлларнинг аҳволи қониқарли эмаслиги сабабли автобус қатновини йўлга қўйиш режаси ўлда-жўлда қолаётгани ташвишлидир”,- деди элчи.

Тожикистон Транспорт ва коммуникация вазирлиги вакили Абдуфаттоҳ Юнусов автобус қатнови бўйича ҳужжат имзоланган бўлса-да, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш, йўл ва транспорт билан боғлиқ техник масалалар ҳали ҳукуматлараро махсус комиссия томонидан ўрганилаётганини билдирди.

“Агар Афғонистон томонининг хавфсизлик тадбирлари ва автобуслари талабга жавоб берсагина қатнов яқин кунларда йўлга қўйилади”,- деди А.Юнусов.

Маҳаллий кузатувчилар режалаштирилаётган автобус қатнови Тожикистон ва унга қўшни давлатлар миллий хавфсизлиги учун қўшимча муаммолар туғдириши мумкинлигини айтмоқда.

“Хўжанд-Ўш йўналишидаги автобус қатнови одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳлар учун қулай имкониятлар туғдириб бергани каби Душанбе–Қундуз йўналиши ҳам минтақага кириб келаётган наркотик моддалар ҳажмини ошириши турган гап. Агар икки давлат бизнес ва сайёҳлик салоҳиятини ошириш, ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ниятида экан, аввало, чегараларни замонавий техника билан жиҳозлаш зарур. Аммо Афғонистон ва Тожикистонда бундай имкониятлар йўқ”,- деди мустақил кузатувчи Жунайдулло Ибодов.
XS
SM
MD
LG