Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:51

Носир Зокир суд қилинади


Шанба куни милиция ходимлари томонидан ҳибсга олиниб, жамоат тартибини бузиш айби қўйилган, душанба куни эса қўйиб юборилган “Озодлик”нинг Наманган вилояти бўйича собиқ мухбири Носир Зокирга жарима солиниши ёки 15 кунга қамалиши мумкин.

Носир Зокирнинг “Озодлик” билан суҳбатда айтишича, шанба куни милиция ходимлари Интернет кафедан ўғирланган компьютерни топиш учун ёшларни оммавий ушлай бошлаган. Улар Носир Зокирнинг ишдан қайтаётган ўғлини ҳам ушлаган. Ушланганлар орасида 12-13 ёшли ўсмирлар ҳам бўлган. Носир Зокир бу амалдаги қонунчиликнинг қўпол равишда бузилиши эканини айтиб, зўравонликни дарҳол тўхтатишни талаб қилган. Шундан сўнг милиционерлар уни қамаб қўйган.

Озодлик: Сизга жамоат тартибини қандай шаклда бузганлик айби қўйилди? Стол отдингизми, дераза синдирдингизми ёки милицияни сўкдингизми?

Носир Зокир: Йўқ, йўқ, йўқ. Аллоҳ ҳаққи, ҳаммамиз мусулмонмиз. Мен бировни онангни, деб ҳақорат қилганим йўқ. Мен фақат гап тонини баландроқ қилиб, уларга қонунларни тушунтирдим.

Озодлик: Бўлмаса сизнинг қамалишингиз сабаби нима?

Носир Зокир: Оддий ўзбеклар милиционерларга бунақа муомала қилмаганда. Агар сиз ҳуқуқингизни қаттиқроқ гапириб талаб қилсангиз, уларга ёқмайди. “Э, бу одам ким экан? Бир текшириб кўрингларчи. Ўзича ҳуқуқшунос, қонуншунос бўлиб қолибди”, деган тушунча мияда жойлашиб кетган. Чунки жамиятимиз демократик бўлганда бунақа бўлмас эди. Кечаги иш учун ҳеч ким суд қилинмас эди. Шундан кўриниб турибдики, бизнинг ҳукумат озгина ҳақиқатни гапирсангиз танқидни душманлик, деб билади. Кечаги иш шунинг оқибатида бўлди, деб ўйлайман.

Озодлик: Милиционерларга нималар деган эдингиз?

Носир Зокир: “Ўзи мамлакатнинг обрўйи бутун дунë бўйича ер билан яксон бўлиб ëтибди, укалар. Мана, биттанг майор экансан, биттанг яна бошқа нарса экансан. Сизлар қандай шароитда яшаëтганингизни ҳам тушунаман. Лекин бу ерда ҳеч ким мамлакатнинг обрўйини ўйламаяпти. Мана, ҳозир қилган ишларингиз бутун дунë бўйлаб тарқалиб бўлди. Бу ерда буйруқ берган одамлар айбдор бўлмайди. Сизларнинг қўлингиз теккан бўлса, сизлар айбдор бўласиз. Нима буйруқ берса, бажараверманглар. Охир-оқибат Ўзбекистонда қонун устиворлиги бўлиши керакми ëки мана шу буйруқбозлик билан ўтиб кетасизларми?” дедим. Битта милиционер келиб: “Ака, яна энди шунақа гапларни гапирманг. Ўзингиз тушунасиз-ку”, деди. Мен кейин индамай қўя қолдим.

Сешанба куни Носир Зокирнинг бу “тўполони” судда кўриб чиқилади. Унга жарима солиниши ёки 15 кеча-кундузга қамаб қўйилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG