Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:07

Андижон воқеалари боис таъқиблар тингани йўқ


“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти Андижон хунрезлигининг уч йиллиги муносабати билан эълон қилган ҳисоботда Ўзбекистонда бу воқеаларга алоқадорлиги айтилган кишилар ҳамон таъқиб қилинаётгани таъкидланади.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Ҳоли Картнернинг “Озодлик”ка айтишича, Ўзбекистонга қайтган андижонлик қочқинлар ҳам таҳқирлаш ва қийноқларга солинган.

“Биз буни Андижонда қолган одамлардан билиб олдик. Улар ҳукуматнинг доимий тазйиқи остида эканини айтишди. Кимнингдир қариндоши чет элда қочқинликда кун кечираётган бўлса, уларни қайтариш учун босим ўтказилган ва бундай босим ҳозир ҳам давом этмоқда”,- деди Ҳоли Картнер.

Қочқинларнинг баъзилари оиласининг босими туфайли қайтган бўлса, баъзилар ўзбек расмийларининг хавфсизлик кафолатига ишониб қайтган. Айримлари тазйиқларга дош бера олмай, иккинчи маротаба Ўзбекистондан қочиб чиқишга мажбур бўлган.

“Андижонга қайтиб борган қочқинлар қайтадан мамлакатни ташлаб қайтгани ҳақидаги ҳолатларни ташкилотимиз ўрганди. Яъни Ўзбекистонга қайтган андижонлик қочқинларнинг айримлари қайтадан ҳижратга юз тутган”,- деди Ҳоли Картнер.

ҲРУ ҳисоботида “мамлакатда кузатилаётган бу босим ва таъқиблар Андижон ҳодисаси ҳақида ҳукумат версиясини шубҳа остига олган мамлакатдаги ҳар бир кишининг овозини ўчириш мақсадидаги амалларнинг бир қисми” экани айтилади.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ва воқеа гувоҳлари 2005 йил 13 майида Андижон шаҳри марказида намойишчиларга қарши ҳукумат кучлари ўт очиб, камида беш юз инсонни ўлдиргани ва уларнинг аксари қуролсиз одамлар бўлганини билдирган. Ўзбекистон ҳукумати Андижонда 187 киши ҳалок бўлганини, уларнинг аксари исломий жангарилар бўлганини айтиб келади. Расмий Тошкент Ғарбнинг Андижон ҳодисаси бўйича мустақил тергов ўтказиш борасидаги чақириқларини рад этмоқда. Бунинг ортидан Европа Иттифоқи Тошкент ҳукуматига нисбатан жазо чоралари жорий этганди. Шу йил апрелда ЕИ Андижон воқеалари учун масъул кўрилган ўзбек мулозимларига қарши виза чекловини яна олти ойга тўхтатишга қарор қилди, Ўзбекистонга нисбатан қурол-яроғ эмбаргоси ўзгаришсиз қолдирилди.

“Халқаро амнистия” ташкилоти эксперти Мэйси Вайчердин ЕИнинг апрелдаги бу қарори уни ранжитганини яширмади.

“ЕИ қарорида Андижон ҳақида бирон гап айтилмаган. Аслида санкциялар Андижон воқеалари сабаб жорий этилганди-ку. Андижонда юзлаб одамлар ўлдирилиши юзасидан мустақил текширув ўтказиш талаби билан бу санкциялар жорий этилганди. Бугун эса шунча чақириқларимизга қарамай, Андижон унутиляпти. Ўзбекистон Андижон воқеаларининг мустақил экспертлар тарафидан ўрганилишига изн бериш йўлида бирон қадам қўймади”,- деди Мэйси Вайчердин.
XS
SM
MD
LG