Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:35

Покистонда сиёсий бўҳрон юзага келди


Покистоннинг собиқ бош вазири Навоз Шариф ўз партияси аъзолари мамлакатда олти ҳафта олдин фаолиятини бошлаган коалиция ҳукуматидан истеъфога чиққанини эълон қилди.

Олий суднинг ишдан бўшатилган судьяларини лавозимига қайта тайинлаш борасида аввал белгиланган муддат, яъни 12 майга қадар келишувга эришилмаганидан кейин Покистон Навоз Шариф партиясига аъзо бўлган тўққиз вазир истеъфога чиқди. Шунга қарамай, Навоз Шариф бош вазир Юсуф Риза Гилоний етакчилигидаги ҳукуматни қўллаб-қувватлашини айтди

Гилоний суиқасд қурбони бўлган собиқ бош вазир Беназир Бҳуттонинг Покистон халқ партиясидан бош вазир этиб сайланган эди.

13 май куни Исломободда журналистлар билан мулоқот чоғида Навоз Шариф президент Парвез Мушаррафни Олий суд ҳакамларини лавозимдан бўшатиш орқали Покистондаги демократияга путур етказганликда айблади.

“Партиямизнинг парламентдаги аъзолари учрашувида ҳам диктатор манфаатига хизмат қиладиган фитнада иштирок этмасликка қарор қилинди. Биз демократик жараёнга путур етказилишига йўл қўймаймиз”, – деди Навоз Шариф.

Президент Парвез Мушарраф ўтган йил ноябрида мамлакат Олий судининг бош ҳаками Ифтихор Чаудри ва яна олтмишга яқин ҳакамни ишдан бўшатган ва уларнинг аксари уй қамоғида сақланган эди. Бу воқеадан кейин мамлакатда олти ҳафта давомида фавқулодда ҳолат ҳукм сурди.

Айрим таҳлилчилар фикрича, Навоз Шариф етакчилигидаги партиянинг мухолифат сафига қўшилиши эҳтимолдан йироқ. Чунки Панжоб вилоятида маҳаллий ҳокимиятини ўз қўлида сақлаб қолиш учун уларга Покистон халқ партиясининг қўллаб-қувватлаши зарур бўлади.

Бошқа кузатувчилар эса Навоз Шарифнинг партияси ҳукумат таркибидан чиқса ҳам Покистон халқ партияси кичик партиялар билан бирга ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолиши мумкин, деган фикрда.

“Парламентда учинчи гуруҳ ташкил этилиши эҳтимоли бор. Бу гуруҳни Мушарраф тарафдори бўлган Мусулмонлар лигаси ҳамда Покистон мусулмонлар лигаси – Навоз гуруҳлари тузиши мумкин. Ҳозирги коалиция парчаланганидан кейин улар Покистон халқ партияси ҳукуматини қўллаб-қувватлаши мумкин”, – дейди пешаворлик сиёсий шарҳловчи Фазал ур-Раҳим Марват.

Таҳлилчилар фикрича, Олий суд ҳакамларининг ўз лавозимига қайта тикланиши Парвез Мушарраф учун муаммо яратиши мумкин. Чунки улар Мушаррафнинг қайта президент этиб сайлангани конституцияга зид ёки зид эмаслиги масаласини кўтариши мумкин.

Айни пайтда бу АҚШнинг терроризмга қарши урушига путур етказиши мумкин. Чунки Мушарраф терроризмга қарши урушда АҚШнинг яқин иттиоқчиси ҳисобланади. Бироқ роқ АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Шон МакКормак Покистондаги сиёсий бўҳрон терроризмга қарши курашда АҚШ ва Покистон ҳукуматлари ҳамкорлигига путур етказмаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG