Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:24

Қочқинлар оқими ҳали ҳам камайгани йўқ


Андижон воқеалари содир бўлганига уч йил тўлганига қарамай, ҳалигача Қирғизистонга бошпана сўраб келаётган ўзбекистонлик қочқинлар сафи тўхтамаяпти. Айни пайтда ҳам Қирғизистонда икки юзга яқин ўзбекистонлик қочқин яшамоқда.

2005 йил май воқеаларидан сўнг андижонлик 560 киши Қирғизистондан бошпана сўраган эди. Олти ой мобайнида улар учинчи давлатларга қочқин сифатида кўчирилди.

БМТ қочқинлар идорасининг Бишкекдаги ваколатхонасига Ўзбекистондан ойига икки–уч оила бошпана сўраб мурожаат қилмоқда.

“Шу йилнинг 1 майигача Ўзбекистондан бошпана сўраб келган 188 қочқин рўйхатга олинган. Бу Миграция давлат қўмитаси берган маълумотдир. Бу биздаги маълумотга кўра, 95 оила деганидир”,- деди ваколатхона раҳбари ёрдамчиси Аяна Касибаева.

У Қирғизистонда яшаётган ўзбекистонлик қочқинларнинг маиший ҳаёти ва муаммолари борасида маълумот бермаслигини айтди. Бундай маълумотни қочқинларнинг ўзидан олишнинг ҳам имконияти бўлмади. Чунки ўзбек қочқинлари Қирғизистонда ҳам яширин ҳаёт кечиради ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатлашмасликни маъқул кўради.

Ўзбекистонлик қочқин Ёдгор Турлибековнинг айтишича, қочқинлар ўз қисматдошлари билан ҳам дардлашмайди.

“Мен уларнинг кўплари билан учрашиб суҳбатлашганимда, ҳатто менга ҳам аниқ фикрини айтишга қўрқади”,- деди Ёдгор Турлибеков.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистонга бошпана сўраб келган қочқинлар Ўзбекистондаги таъқиб ва тазйиқлардан безиб қолган. Уларнинг психологик кайфияти Қирғизистонга келгач ҳам ўзгармаган. Шунинг учун улар ўз қобиғидан ташқарига чиқишни эп кўрмайди.

“Айниқса, ëшларга бўлаëтган таъқиб давом этмоқда ва ҳозир ҳам уларга тинчлик йўқ. Кетиб қолган одамларнинг қариндошларига у ëқ, бу ëқдан туҳмат қилиниб кўп босимлар бўляптики, ҳали ҳам Андижон халқи уларнинг азобидан қутулгани йўқ. Ой сайин 1-2 та оила келаëтганини эшитяпмиз”, - деди Ёдгор Турлибеков.

БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги вакили Виталий Масловскийнинг таъкидлашича, қочқинлар мунтазам тарзда ўз хавфсизлигидан хавотирланиб яшайди. Буни расмий Тошкент талаби билан Қирғизистон бир қанча қочқинни Ўзбекистонга қайтаргани билан изоҳлаш мумкин.

“Ўзбекистонга қайтарилган қочқинлар узоқ йиллик қамоққа ҳукм қилингани тўғрисида маълумотлар бор. Шу сабабдан ҳам қочқинлар ўз хавфсизлигини ўйлаган ҳолда мулоқотга киришмоқдан бош тортади”,- деди В.Масловский.

Айтиб ўтиш лозимки, сўнгги икки йил ичида Қирғизистонга бошпана сўраб келаётган қочқинлар таркиби ҳам ўзгарган. 2005-2006 йилларда Қирғизистонга келган ўзбекистонлик қочқинларнинг асосий қисми Андижондаги норозилик намойиши иштирокчилари ва гувоҳлари эди. Айни пайтда эса бошпана сўраётган ўзбекистонликларнинг асосий қисмини ҳуқуқ ҳимоячилари, Андижондаги норозилик намойиши ҳақида халқаро матбуотга маълумот топишга кўмаклашган шахслар ва сиёсий партиялар фаоллари ташкил этмоқда.
XS
SM
MD
LG