Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:42

Қурбонлар сони ортиб боряпти


13 май куни Сичуанда қутқарув-қидирув ишлари йўлга қўйилди.
13 май куни Сичуанда қутқарув-қидирув ишлари йўлга қўйилди.

12 май куни Хитойнинг Сичуан вилоятида сўнгги ўттиз йил давомида кузатилган энг кучли зилзила оқибатида 10 мингдан зиёд одам нобуд бўлгани, шунча одам бедарак йўқолгани хабар қилинмоқда.

7,8 балли зилзила Пекинда ва Таиланд пойтахти Банкокда ҳам сезилди. Табиий офат натижасида Сичуандаги мактаблар, шифохоналар, кимё заводлари ва бошқа муассасалар биноларига жиддий зарар етди.

Зилзила эпицентри бўлган Дужиангиан шаҳри шифохонаси катта шифокори Чен Жианг “Рейтер” ахборот агентлиги мухбирига гапириб: “Оғир жароҳат олганлар бошқа жойларга жўнатилди. Жиддий жароҳат олганларнинг кўпи ўлди. Бизнинг касалхонада ўндан ортиқ одам ўлди. Бу ерда асосан бели, бўйни ва тос суяклари шикастланган одамларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Оғир жароҳат олганларга биз зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатяпмиз”, – деди.

Хитой ҳукумати зилзиладан жабрланган аҳолига зудлик билан ёрдам кўрсатмоқда. 12 май куни кечқурун Дужиангианда телевидение орқали чиқиш қилган Хитой бош вазири Вэнь Цзябоа қутқарувчиларни зилзиладан жабрланган одамларга ёрдам кўрсатиш учун бор имкониятни ишга солишга чақирди. У қутқарув ишларида ёрдам бериш учун Венчуанга 1300 ҳарбий етиб келгани, одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун улар бор имкониятни ишга солаётганини айтди.

Хитойда содир бўлган кучли зилзила ва унинг кўлами дунё жамаотчилигини ларзага солди.

АҚШ президенти Жорж Буш зилзилада қурбон бўлганлар яқинларига таъзия изҳор қилди.

“Ҳозирча Хитой ҳукумати ёрдам сўраб бизга мурожаат қилгани йўқ. Биз улар эҳтиёжига қараб ёрдам беришга тайёрмиз. Агар таклиф бўлса, биз ёрдам беришга шай бўлиб турибмиз”, – деди Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Шон МакКормак.

Қўшни Жанубий Корея ва Япония ҳам Хитойга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, Россия ҳам Хитойга қутқарувчилар ва ёрдам юклари ортилган самолёт жўнатмоқда.
XS
SM
MD
LG