Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:18

Болалар ҳам сиёсат қурбони бўлмоқда


Тожикистонлик 6 мактаб ўқувчисининг Ўзбекистон чегарачилари томонидан қамаб қўйилганига 19 кун бўлди. Улар озод этилиши борасидаги икки томон музокаралари ҳалигача натижа бергани йўқ.

26 апрель куни Сўғд вилоятининг Адрасмон посёлкасилик 31 мактаб ўқувчиси тоққа равоч тергани чиққанида Ўзбекистон чегарачилари томонидан ушланган эди. Улар чегарани бузганликда айбланмоқда. Болалардан 25 нафари уч кундан кейин озод қилинди. Қолганлари эса Тошкентга жўнатилган.

Ақли солим ҳар қандай одам бу хабарни эшитиб, “э, ўзи нима бўляпти-а”, деб юбориши табиий. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги сиёсий вазият ёмонлигининг нуқси энди оддий одамлар қолиб, болаларга ҳам уряпти, шекилли. Ўтган йиллар давомида иккала давлат хавфсизлик хизматлари бир-биридан роса жосус ушлади, бу “жосуслар” узоқ йилларга озодликдан маҳрум ҳам этилди.

Яна ақли солим кишининг фикрларига қайтамиз. Бундай одам “иккала давлатда жосуслик қилишга арзийдиган нима бор ўзи”, деган савол бериши тайин. Қолаверса, чегара ҳудудидаги аҳоли беш кун муддатга визасиз борди-келди қилиш ҳуқуқига эга бўлса, беш кун қўшни давлатда маза қилиб юрса, яна жосусликка бало борми, дейдиган одамнинг ўзи йўқ.

Хўш, болалар йиғилишиб тоққа чиқишибди. Ким ҳам чиқмаган табиат бағрига сайрга? Қолаверса, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳали чегараларини делимитация ва демаркация қилмаган, яъни чегара чизиғининг қаердан ўтиши ҳали аниқлаб олингани ҳам йўқ. Бола пақир қайдан билсин катта одамлар билмаган нарсани. Аслида адашган болаларни чегарачилар бир пўписа қилиб ҳайдаб юборса ҳам бўларди. Лекин гап ўша ҳукуматларнинг совуқ муносабатига бориб тақалади. Ана шу муносабатларнинг совуқлигидан ва ёмонлигидан шу сиёсатни юритаётган раҳбарлар эмас, балки аҳоли, халқ қийналмоқда.

Уч кунлик қамоқдан сўнг Тожикистонга қайтган мактаб ўқувчиларининг айтишича, улар худди катта одамлардек тергов қилинган.

“Бизни калтаклашди, сувсиз қолдиришди, ҳатто ҳожатга чиқишга қўйишмади. Фуқаролик кийимида бўлган икки одам бизни сўроқ қилди. Милицияда ишлайдиган яқинларимиз борми, чегара заставасидаги ҳарбийлар номлари, Адрасмон тоғ-кон бойитиш корхонаси ва ундаги шахталар сони ҳақида сўрашди”,- дейди уч кунлик қамоқдан қайтган 11-синф ўқувчиси Муҳсин Тошпўлатов.

Ўзбекистонлик чегарачилар томонидан ушланган 31 боладан 25 нафари уч кундан сўнг қўйиб юборилган бўлса-да, қолган 6 боланинг тақдири ҳозиргача номаълум. Болаларнинг ота-оналари фарзандлари Тошкентга олиб кетилганини айтмоқда. Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Олим Тўрақулов бу ҳақда ҳеч қандай маълумот бермади.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Давлат Назриевнинг айтишича, бу олти бола ҳозиргача озод этилгани йўқ. Тожикистон ТИВ бу борада Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси билан музокаралар олиб боряпти. Агар 14 май куни ҳам жавоб бўлмаса, вазирлик норозилик нотаси беради.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев фикрича, икки давлат раҳбарларининг бундай бир-бирига қарама-қарши сиёсатидан раҳбарлар эмас, амалдорлар эмас, балки оддий халқ азоб чекмоқда.

“Бу чегараларнинг пайдо қилиниши, миналар ўрнатилиши, тиканли симлар тортилиши фақатгина оддий меҳнаткашлар, оддий фуқаролар аҳволини ëмонлаштиради, холос. Раҳбарларга, хусусан, Ўзбекистон раҳбариятига шу шароит маъқул келадиганга ўхшайди. Биз мустақиллик эълон қилингунча бир мамлакатда эдик. Қаерда саноат корхонаси бор, қаерда ҳарбий база бор, буни жосусларсиз ҳам биламиз. Ҳозирги пайтда техник имкониятлар шу даражада ривожландики, одамга ҳожат қолмаган. Тожикистон ва бошқаларнинг жосус-жосус ўйинини қилиши хаëлда бўлмаган нарса. Ақлга тўғри келмайдиган нарсаларни баҳона қилиб жосусликда айблашади. Жосус тайëрланган бўлса, уни ушлаш осон бўладими? Нимага биз жосуслик қиламиз? Тожикистон Ўзбекистонни босиб оламан, деб турмаган бўлса, Ўзбекистон ҳам босиб оламан, деб турган бўлмаса, халқлар бунга қарши бўлса. Икки раҳбар, айниқса, бизнинг раҳбаримиз ҳеч ким билан келишгиси келмайди. Мамлакатни бекитиб олиб, халқни яна эзгиси келяпти”,- деди Т.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG