Линклар

Подмосковьеда Тожикистон фуқароси ўлдириб кетилди

  • Ҳасанжон

Москва вилоятининг Реутов шаҳрида тожикистонлик фуқаронинг жасади топилди. У пичоқдан етказилган жароҳат оқибатида ўлгани хабар қилинмоқда.

Аввалроқ “Интерфакс” ахборот агентлиги Реутовдан Ўзбекистоннинг 1976 йилда туғилган фуқароси жасади топилганини хабар қилганди. Бироқ бу шахс Ўзбекистон эмас, Тожикистон фуқароси экани маълум бўлди.

Мазкур қотиллик юзасидан маълумот олиш учун Реутов шаҳри Ички ишлар бошқармаси раҳбарлари ва қотиллик юзасидан текширув олиб бораётган терговчи билан учрашган Москвадаги ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи Исломий марказ раҳбари Ғазали Раҳматшоев Тожикистоннинг ўлдирилган фуқароси 1976 йил 9 октябрда туғилган Ражабали Умар Мирзаалиевич эканини билдирди.

“Уни тақирбошлар ўлдирганми ёки маҳаллий йигитлар, ҳозирча аниқ эмас. Унинг қонга беланган жасади қибла томонга қараб солинган жойнамоз устида топилган. У ҳатто намоз ибодатини тугатмагани ҳам кўриниб турибди. Қотиллик сабаби ҳозирча маълум эмас”, – деди Ғ.Раҳматшоев.

Эслатиб ўтиш жоизки, сўнгги икки ҳафта давомида фақат Москва шаҳри ва вилоятида Ўзбекистоннинг беш фуқароси ўлдирилди. 29 апрель куни Подмосковьенинг Химки шаҳрида Фахриддин Тоштемиров исмли ўзбек йигити, Шёлкова шаҳрида эса ўзбекистонлик ака-ука бўйнига етказилган шикаст оқибатида ўлган эди. 6 май куни кечқурун Москванинг “ВДНХ” метро станцияси яқинидаги туманда 47 ёшли Ўктам Рафоев славян миллатига мансуб шахслар томонидан пичоқлаб ўлдирилди. У билан бирга фаррош бўлиб ишлайдиган 41 ёшли Матлуба Ахлядова эса шифохонага олиб кетилаётган пайтда оламдан ўтди. Ҳозир бу қотилликлар юзасидан тергов олиб борилмоқда. Фақат Химки шаҳридаги қотиллик маст ҳолда жанжал чиққанидан содир этилгани маълум. Бошқа қотилликлар рус ашаддий миллатчилари томонидан миллий нафрат асосидан содир этганми ёки бошқа сабаблар борми, ҳозирча маълум эмас.
XS
SM
MD
LG