Линклар

logo-print

Саудия Эронни айблади

  • Ҳасанжон

Ливан ҳукумати кучлари ва “Ҳизбаллоҳ” ҳаракати жангчилари ўртасидаги тўқнашувлардан сўнг Саудия Арабистони Эронни Ливанда давлат тўнтариши амалга оширишга уринганликда айблади.

Бу тўқнашувлар юз берганидан кейин Яқин Шарқ давлатлари ҳукуматлари Эроннинг минтақадаги таъсири бошқалар ҳисобига кучайиб бораётганидан ташвишга тушди.

Сунний мазҳабидаги Саудия Арабистони ва шиа мазҳабидаги Эрон анча вақтдан бери бир-бирини ўз манфаатини кўзлаб Ироқдаги диний гуруҳларни қўллаб-қувватлаётганликда айблаб келмоқда. Ливандаги тўқнашувлар ҳам шундай айблов учун яна бир асос бўлди.

“Албатта, Ливанда содир бўлаётган воқеалар, давлат тўнтаришига бўлган уринишни Эрон қўллаб-қувватламоқда ва буни хаспўшламоқда”,- деди Саудия ташқи ишлар вазири Сауд ал-Файсал.

Бош вазир Фуад Синиора бошчилигидаги Ливан ҳукумати эълон қилган баёнотда ҳам “Ҳизбаллоҳ” ва “Амал” каби шиа гуруҳлари Ливанда давлат тўнтариши амалга оширишга уринганликда айбланган. Бироқ Ар-Риёд расмийлари айбловига Эрон кескин жавоб қайтарди.

“Ливаннинг ички ишларига аралашмаётган ягона давлат Эрондир. Чақириқлар қилаётган, воқеаларни қўллаб-қувватлаётган ва рағбатлантираётганлар ким? Кимнинг элчиси қочиб кетди?” – деди Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот Теҳронда қилган чиқишида.

У бу ўринда Саудия Арабистонини назарда тутгани аниқ. Маълумотларга кўра, 6 май куни Ливанда отишмалар бошлангандан кейин Саудия элчиси Байрутни тарк этган.

Эрон раҳбари “Ҳизбаллоҳ” ва Ливан ҳукумати тарафдорлари ўртасидаги отишмалар учун масъулиятни АҚШ ва Исроил зиммасига юклади. Ливанда бир ҳафтадан бери давом этаётган отишмаларда ҳозирга қадар камида 65 киши нобуд бўлгани айтилмоқда.

Кузатувчилар фикрича, Ар-Риёд расмийлари Ливандаги зўравонлик учун Теҳронни айблагани сунний мазҳабидаги араб давлатларида Эронга қарши кайфият кучайиб бораётганидан далолат беради.

АҚШ президенти Жорж Буш Яқин Шарқ минтақасига ташрифини 14 май куни Исроилдан бошлади. Шу ҳафта бошида Би-Би-Си мухбири билан суҳбатда Жорж Буш Эронни Яқин Шарқ минтақасидаги барқарорликка таҳдид, деб атаган эди. АҚШ раҳбари Исроилдан ташқари Саудия Арабистони ва Мисрга сафар қилишни режалаштирган. Мисрнинг Шарм эш-Шайх шаҳрида Жорж Бушнинг Ливан бош вазири Фуад Синиора билан учрашуви белгиланган.

Таҳлилчилар таъкидича, АҚШ раҳбарининг минтақага ташрифи чоғида Эрон ва араб давлатлари ўртасидаги сўз уруши авжига чиқиши мумкин.
XS
SM
MD
LG