Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:24

Озодликка чиққан айбланувчи суд адолатидан миннатдор


Хондамир Шу йилнинг январь ойида Қирғизистоннинг Ўзган шаҳрида қўлга олиниб, Жиноят кодексининг 12 моддаси бўйича айбланган, Ўзбекистон исломий ҳаракати фаоли сифатида гумонланган Абдулҳай Йўлдошев энг оғир моддалар бўйича оқланди.

А.Йўлдошев 2006 йил 12 майда Тожикистоннинг “Лаккон” чегара маскани ва Қирғизистоннинг “Ақ турпақ” божхона постига ҳужум уюштирган 6 жангарига кўмак берганликда айбланаётган эди. Бироқ Боткен вилоятининг Қадамжой тумани суди ундан террорчилик билан шуғулланганлик, миллий ва диний низо қўзғаганлик, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини ўлдирганлик каби айбловларни олиб ташлади.

Қадамжой тумани суди судьяси Космос Сидиқов А.Йўлдошевга фақат жиноятни яширганлик айби қўйилиб, шартли равишда икки йилга озодликдан маҳрум қилинганини айтди.

“Унга ҳам террорчиларга қўйиладиган барча моддалар қўйилганди. Мен уларни олиб ташладим. Фақат ўша кишилардан бири А.Йўлдошевнинг уйида бир ой ижарада яшаган экан. Шунинг учун жиноятни яширган, деган айблов билан уни шартли равишда икки йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарилди”, - деди К.Сидиқов.

А.Йўлдошевнинг туғишган акаси Абдураим Комилжонов Тожикистон ва Қирғизистон чегара масканига ҳужум уюштирган кишиларнинг ўз укаси уйига келиб қолиши тафсилотлари ҳақида гапириб: “Укам оиласи билан Қозоғистонга кетиш ўйида бозордан баъзи нарсалар олаётганида бир киши ундан укасига бир неча кунга жой топиб беришни илтимос қилган. Улар уй учун 100 доллар ижара ҳақи таклиф қилар экан. Шундан кейин одамлар пулга қизиқиб, уларни уйига қўяр экан”,- деди.

А.Комилжоновнинг айтишича, Қозоғистонга тирикчилик учун кетаётган Абдулҳай Йўлдошев ижарагирларнинг аслида кимлигини билмаган. У ўз укасининг ҳеч қандай диний оқимга мансуб эмаслигини таъкидлади.

Абдулҳай Йўлдошевнинг ўзи эса адолат қилгани учун Қирғизистон адлиясидан миннатдор эканини айтар экан, бир неча ойга чўзилган тергов унга руҳан салбий таъсир кўрсатгани сабабли бугунги кунда саломатлиги анча ёмонлашганини билдирди.

“Вақтинча сақлаш изоляторида ўтирган пайтда ҳар қандай инсон асаблари дош бермай, диққат бўлади. Ҳозир қон босимим кўтарилиб, бошим оғрийди. Кеча шифохонага бориб қон босимимни ўлчатдим. Ҳақиқатдан ҳам озгина касал бўлиб қолдим”,- деди Абдулҳай Йўлдошев.

Яқинлари А.Йўлдошевнинг соғ-омон уйига қайтганидан хурсанд бўлиб турган бир пайтда Боткен вилояти прокуратураси суд қароридан қониқмагани, бу иш қайтадан диққат билан ўрганилиши зарурлигини таъкидламоқда.

Айни пайтда қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири прокуратуранинг бу иддаосини изоҳлар экан: “Билишимизча, Андижон воқеасидан кейин Ўзбекистон ва Қирғизистон миллий хавфсизлик идоралари, прокуратураси ва судлари ўртасида битим тузилган экан. Бундай битимлар фақат ўзбекистонликлар учун эмас, Қирғизистонда яшайдиган ўзбек миллатига мансуб одамлар учун ҳам ёмонлик олиб келяпти. Ўзбекистонда таъқиб қилинган бирор кишининг Қирғизистондаги қариндоши ёки таниши у билан алоқада бўлгани учунгина қамалиши ёки ўғирлаб кетилишига йўл қўйиб бўлмайди. Қирғизистон расмийлари бу битимни бекор қилмаса, икки халқ орасига совуқчилик тушириб қўйиши мумкин”,- деди.
XS
SM
MD
LG