Линклар

logo-print

Ўзбек оиласининг бугунги ташвишлари


15 май - Халқаро оила куни муносабати билан “Озодлик” мухбири ўзбек оиласининг бугунги муаммолари, ташвишлари ва қувончлари ҳақида суҳбатлар ўтказди.

Фарғона вилоятининг Фарғона туманидаги Чимён қишлоғида яшовчи Эргашевлар оиласини маҳалла-кўй мустаҳкам ва барқарор оила сифатида ҳурмат қилади.

65 ёшли Ғайрат ҳожи рафиқаси Юлдузхон ая билан 46 йил давомида аҳил-иноқ яшаб келаётир. Улар бир қиз, тўрт ўғил, 14 неварани тарбиялаб вояга етказган. Бугун фарзандлар камолини кўриб роҳат-фароғатда яшаётганини айтади Ғайрат Эргашев.

“Келинларим ҳам қизларимдан ортиқ. Ҳаммаси бир-бири билан опа-сингилдек. Катта ўғлим билан учинчи ўғлимни чиқарганман. Хўжалигини бошқа қилганман, лекин қозонимиз битта ҳисоб. Иттифоқчилигимиз шунчалик бизнинг. Мен ўғилларимга ëшлигидан иттифоқчилик бор жойда барака бўлишини айтиб келардим”,- дейди Ғ.Эргашев.

25 йил давомида мактабда ўқитувчилик қилган Ғайрат Эргашевнинг айтишича, оила иноқлиги ва фарзандларнинг меҳр-оқибатли бўлиши, аввало, тарбияга боғлиқ.

Юлдузхон ая турмуш ўртоғининг сўзларини қувватлар экан, болалигидан меҳнатга ўргатилган фарзанддан ёмонлик чиқмайди, деб ҳисоблайди.

Кейинги пайтда фарғоналик Эргашевлар оиласи сингари барқарор ўзбек оилалари сони камайиб кетаётгани кузатиляпти.

Урганчлик Санамжон тўрт йил аввал турмушга чиққан. Ҳозир икки фарзанднинг онаси. Санамжон етишмовчилик орқасидан оилада тез-тез жанжаллар бўлишини айтади.

“Кўп уруш чиқишига сабаб оиладаги етишмовчилик ва эркакларнинг ишламагани бўлиб турибди. Эркаклар ишлаймиз деса, ишнинг ўзи йўқ. Қайнотам у ëқ бу ëқда ишлаб, 1-2 сўм топиб келади. Топган пули сигаретидан ортмайди. Қайнонам касаллиги сабабли ойига 50.000 сўм пул олади. Иккита қайнсинглим бор ва улар ҳали мактаб ўқувчиси. Ўзимда иккита фарзанд бор. Хўжайиним нима иш қилишини билмайди. Завод, фабрика бўлмаса, ишнинг ўзи бўлмаса. Етишмовчилик туфайли жуда кўп жанжал бўлди. Кийиниш у ëқда турсин, ҳатто еб-ичишга пул топилмади. Жанжал ҳар кун бўларди”,- дейди Санамжон.

Санамжон оиласини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилаётган бўлса, марғилонлик Шоҳиста иқтисодий муаммолар боис, оиласи билан ажралишга мажбур бўлган.

“7-8 ой яшаб, ажрашиб кетдик. Келишмовчилик ишсизлик, оилада етишмовчиликдан келиб чиқди. Энди бола-чақа дегандай, боқиш керак. Оила боқа олмай, ажрашиб кетдик”,- деди Шоҳиста.

Кейинги пайтда иқтисодий муаммолар туфайли ўзбек оилаларида ажралишлар сони ҳам кўпаяётир.

Фарғона шаҳридаги 1-ФҲДË бўлими ходимаси Ўктамхон Йўлдошева эса ўзбек оилаларини ажралишга олиб келаётган бошқа сабабларга тўхталади.

“Энди судларда бошқа кўрсаткич. Бизда энди ë ошиб, ë камайгани йўқ. Бизда ажралишлар йил давомида 67-69 атрофларида бўлади. Баъзида тўйига 2-3 йил бўлганлар, баъзи ҳолларда 1 йил бўлганлар ҳам учраяпти. Келишмовчилик, бир-бирини тушунмаслик, қайнона-келин муносабатларидаги чигаллик, бефарзандлик асосий сабаблардан”,- деди Ў.Йўлдошева.

Кейинги пайтда кўп болалик ўзбек оилалари сони ҳам камайиб бораётгани кузатилади. Ҳатто Ўзбекистонда бундан кейин кўп болали оилалар бўлмаслиги мумкинлиги ҳам тахмин қилинади.

Яқинда тошкентлик журналист Татьяна Мельникова туғилиш устидан давлат назоратини ўрнатган Хитой модели Ўзбекистонда ҳам жорий этилиши мумкинлиги, эндиликда учинчи фарзанд туққан оналарга жарима солиниши ҳақида ёзганди.

Фарғоналик Ғайрат Эргашев эса фарзандлар билан боғлиқ бошқа бир муаммо - айрим ўзбек оилаларидаги фарзандлар орасида ота-оналарига нисбатан меҳр-оқибатсизлик ҳолатлари кўпаяётганига тўхталди.

“Ота-оналари ортиқча эркалатиб қўйгани сабаб бўляптими, ҳар кун тирикчилик ҳаракатида бўлиб, фарзандларини назорат қилмай қўйишяптими, умуман сабаблари кўп”,- деди Ғайрат ҳожи.

Кузатувларга кўра, айрим ҳолатларда ўзбек оилаларининг барқарор эмаслигига, оила мустаҳкамлигига тезда путур етишига икки ёшнинг жуда эрта турмуш қуриши ҳам сабаб бўлаётир.

Лекин расмийлар Ўзбекистонда кейинги йилларда никоҳлар сони кўпайганини қайд қилади. Маҳаллий матбуот эса ҳануз ўзбек оилаларининг болажон, меҳр-оқибатли, мустаҳкам ва барқарор экани ҳақида ёзади.
XS
SM
MD
LG