Линклар

Қиёмиддин Назаров топган Суқрот ёки Маҳмуд Тоир ўз қалбини кўрган китоб-кўзгу

  • Сарвар Усмон

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият енгилмас куч” номли янги китоби тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Китоб ҳали кенг китобхонлар оммасига етиб боргани йўқ. Шунинг учун президентнинг янги асари ҳақида тақдимот маросимида билдирилган фикрлардан хулоса чиқаришга ҳаракат қилдик.

Пудингнинг қандайлиги тўғрисида гапириш учун аввал ундан ҳеч йўқ тотиб кўриш керак, дейди инглизлар.

Китобнинг қандайлиги тўғрисида гапириш учун аввал уни ўқиб кўриш керак, дедик биз.

Ислом Каримовнинг янги китобини ўқиганимиз йўқ. Шунинг учун ўқиганларнинг гапига ишонаверамиз.

Ўқиганлардан бири - сиёсатшунос Қиёмиддин Назаров, ЎзТВнинг хабарига қараганда, китоб тақдимоти маросимида бундай деди:

“Суқрот замонларидан буëн маънавият тўғрисида жуда хилма-хил фикрлар бор, лекин ўша даврдан ҳозиргача инсониятни ўйлантириб келаëтган бу масала ҳақида тугал ва йирик мажмуа яратиш кўпчиликнинг қўлидан келмаганини, бу китоб эса инсониятнинг, ижтимоий фанларнинг мана шу соҳадаги эҳтиëжига берилган жавоб эканини алоҳида таъкидлаш лозим”.

Демак, Ислом Каримов Суқрот ҳам, ундан кейингилар ҳам қила олмаган ишни қилибди.

Суқрот – қадимги юнон файласуфи, эрамиздан олдинги 436 йилда туғилиб, 338 йили сиёсий мухолифлари томонидан қатл этилган. Файласуф Суқротдан фалсафа инсоннинг ахлоқий сифатларини ўрганиши лозим, деган таълимот мерос қолган.

Демак, Ислом Каримов ўзининг янги китобида Суқрот бошлаб берган ишни мантиқий якунига етказибди. Ва китоб шу қадар мукаммал ёзилибдики, унинг тақдимот маросимида нутқ ирод этган бошқа бир нотиқ, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир: “Бу китобни муаллиф томонидан ўқувчи қалбига тутилган маънавият кўзгуси, дегим келади”, деди.

Демак, Ўзбекистон президенти ўзбек халқи учун глобал вазифани - маънавий изланишлар муаммосини ҳал қилиб бўлди: бундан буён ҳар бир ўзбек Ислом Каримовнинг кўзгу-китоби олдида қалбини очади-да, унда битилган ҳикматларни қум сувни сингдирганидек сингдириб олаверади дедигу, бироз шошганимизни сезиб қолдик. Зеро, президентнинг янги китоби, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг фикрича, нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё халқлари учун маънавий кўзгудир.

“Қайси давр, қайси тузумда бўлишидан қатъи назар, маънавияти баркамол инсонлар, аввало, ўз халқининг, кейин илму ҳикматининг даражасига қараб бутун инсониятнинг чироғбонига айланган. Зотан, муаллифнинг бир нигоҳида дунë тараққиëти, иккинчи бир нигоҳида эса она Ўзбекистон. Унинг заҳматкаш халқининг эртанги кунига куюнчак бир назар бор”,- деди Маҳмуд Тоир.

Ҳа, боёқиш президентнинг бир нигоҳи доим дунёга қарагани, ўзи дунёнинг ташвишидан бўшай олмагани учун ўзбекистонлик маҳаллий ҳаваскор файласуфлар бозорларда фалсафа сўқиб пул топишга мажбур.

Осон яшай, десангиз,
масалаҳатим олволинг,
ўзингизни озгина
жинниликка солволинг.

Кўйлагимни сўрашса
тўнимни ҳам бераман,
тиконларнинг ичида
гул-лолалар тераман.

Ғам сўзидан ўзимга
шодлик сўзин ясайман,
мен шунақа ўзимни
хурсанд қилиб яшайман,

деб ёниб кўйлаб пул топяпти ўзбекистонлик ҳаваскор файласуф - кўча ҳофизи Тошкентнинг бозорида.

Унинг президент пайдар-пай ёзаётган китобларни ўқишга вақти йўқ. Тирикчиликнинг ғамини ейиши керак.

Президентнинг эса бозорда куйлаётган ҳаваскор файласуф ҳофизнинг дардига қулоқ солишга вақти йўқ. Дунёнинг ғамини ейиши керак.

Файласуф Каримовнинг янги китоби “Юксак маънавият енгилмас куч”, деб номланади.

Хўш, “маънавият” нима дегани ўзи?

Шу оддийгина саволга жавоб излаб, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га боқдик. Не кўз билан кўрайликки, унда “маънавият” сўзи йўқ! “Маънавий” сўзи бор, “маънан” сўзи бор. “Маънавият” сўзи йўқ!

Шундан кейин ўйлаб қолдик: ўзи аслида йўқ нарса қандай қилиб юксак бўлиши мумкин?!

Шундан кейин инглизларнинг гапи яна бир марта ёдимизга тушди: пудингнинг сифати ҳақида гапиришдан аввал, ундан ҳеч йўқ тотиб кўриш керак.
XS
SM
MD
LG