Линклар

Тожибоева нуфузли мукофотга лойиқ кўрилди

  • Алишер Сиддиқ

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:hTPrXWIFks2fpM:http://jakob.clan.su/_bl/0/29136.jpg Тошкентдаги қамоқхонада жазо муддати ўтаётган таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қўшган ҳиссаси учун нуфузли Мартин Энналс-2008 мукофоти совриндори бўлди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи дунёдаги энг нуфузли 10 ташкилот бир овоздан ушбу мукофотни айнан М.Тожибоевага беришга қарор қилди.

“Бу қарор бир овоздан маъқулланди. Биз ҳатто уни овозга ҳам қўйганимиз йўқ. М.Тожибоева бошқа бир неча инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари каби амнистия қилинмади. Бунинг сабаби эса у ўзининг Андижон воқеаси юзасидан ҳукуматга билдирган айбловларидан воз кечмагани бўлди. Бу эса, шубҳасиз, эътироф этилиши лозим бўлган жасоратдир”,- деди Мартин Энналс жамғармаси раиси Ханс Тулен.

Айни пайтда М.Тожибоеванинг яқинлари унинг фаолиятини юксак баҳолаган “Халқаро амнистия”, “Ҳьюман райтс уотч”, Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси ва “Дунё қийноқларга қарши” каби энг нуфузли ташкилотларни бирлаштирган Мартин Энналс жамғармасига миннатдорлик билдирмоқда ва бу эътироф унинг озод этилишига ўз ҳиссасини қўшишига умид қилмоқда.

“Ҳозиргина мен Мўътабар опамнинг олдидан икки соатлик учрашувдан чиқдим. Ҳаммаларингга каттадан катта салом айтди. Ким ëрдам қилаëтган бўлса, ким Мўътабар опамни қўллаб-қувватлаëтган бўлса, ҳаммасига ўзининг чуқур миннатдорлигини билдирди”,- деди М.Тожибоеванинг укаси Расулжон Тожибоев.

Андижон воқеаларига масъул кўрилган президент Ислом Каримов ва яна бир неча давлат мулозимини халқаро судга тортиш ташаббуси билан чиққан М.Тожибоева дарҳол ҳибсга олиниб, Жиноят кодексининг 17 моддаси бўйича айбланган ва 8 йилга озодликдан маҳрум этилганди. М.Тожибоева қамоққа олиниши арафасида унга ҳам Андижон воқеаларига алоқадорлик айблари қўйилганини бемаънилик, деб айтганди.

“Шахсан мен айбдор эканман. Нима учун бизни чақириб, гувоҳ сифатида сўроқ, терговга чақиришмайди? Айблов хулосаларининг биринчи варақлари бизни айблаш билан бошланган экан”,- деганди М.Тожибоева.

Мана шу гапларидан сўнг икки йилдан зиёд вақт мобайнида қалбакилаштирилган айбловлар асосида жазо муддатини ўтаб келаётган М.Тожибоеванинг ҳаёти борасида жиддий хавотирлар билдирилмоқда.

Қамоқхонада М.Тожибоеванинг ҳаётини сақлаб қолиш учун унга жарроҳлик операцияси қилинди, лекин айни пайтда у саратон касаллигидан азият чекаётган бўлиши мумкин. Р.Тожибоев қамоқхона маъмурияти касаллик ташхисини сир сақлаётганини билдирди.

“Аҳволи ниҳоят даражада яхши эмас. Кечадан бошлаб яна қамоқхона тиббий бўлимида ëтибди. Гемодез қуйишибди.Умуман гемодез қуймаса, мен ухлай олмаяпман, деяпти опам. Умуртқа томони қаттиқ безовта қилаëтган экан. Биз адвокат билан билдиришнома киргизиб, касаллик ташхисини сўраганимиз билан умуман рад жавобини беришди. Опамнинг бачадонини олиб ташлашган. Гўшт ўсиб чиққан, дейишган. Онкологияда бўлгандан кейин биз саратон эмасмикин, деган хавотирдамиз”,- деди Р.Тожибоев.

М.Тожибоеванинг нуфузли мукофот билан тақдирланиши, шубҳасиз, Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячилари ҳаракатини рағбатлантиради ва айни пайтда мамлакатдаги абгор инсон ҳуқуқлари вазиятини яшириб келаётган ҳукуматга босим ўтказади.

“Мен шунга умид қиламан ва ўтмиш тажрибамизга таянган ҳолда айтаманки, бу ҳаракатларимиз ҳукуматларга босим ўтказиб келган. Нима бўлган тақдирда ҳам Ўзбекистон изоляцияда қолишни истамаган давлатдир. Ўзининг халқаро нуфузини кўтармоқчи бўлаётган Ўзбекистон ҳукумати ҳуқуқ ҳимоячиларига яхшироқ муносабатда бўлиши ва Тожибоевани озод қилиши керак”,- деди Ханс Тулен.

Мартин Энналс мукофоти билан тақдирлаш маросими жорий йилнинг 20 ноябрида Женевада ўтказилади. Ушбу мукофот тарихида унга сазовор бўлган барча инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари маросимда шахсан иштирок этиб, мукофотни ўз қўли билан олиб келган. Женевадаги маросимга 6 ой муддат қолаётган бир пайтда М.Тожибоева ҳамон қамоқхонада қолаётир.

“Агар тарихимизда биринчи марта мукофот совриндорининг маросимга келишига йўл қўйилмаса, бу бизнинг ҳам, БМТга аъзо давлатларнинг ҳам ҳафсаласини пир қилади. Ҳозир бу ҳақда ўйлагим ҳам келмаяпти”,- деди Ханс Тулен.
XS
SM
MD
LG