Линклар

Ўзбекистон: иши энг юришган тадбиркорлар рўйхати эълон қилинди

  • Ҳасанжон

Тошкентдаги “Golden pages” бизнес нашри иши энг юришган 100 тадбиркор рўйхатини тузди. “Лидерлар фалсафаси ва тадбиркорликнинг боқий руҳи” номли лойиҳага турли соҳаларда ўрта ва йирик бизнес билан шуғулланаётган ўзбекистонлик тадбиркорлар киритилган.

Бу нашр “Golden pages” ташкил этилганининг беш йиллигига бағишланган.
“Goldenpages” маълумотномаси директори ўринбосари Елена Кон “Озодлик” мухбири билан суҳбатда мазкур лойиҳадан мақсад Ўзбекистон бизнесини сиймолар тимсолида кўрсатишдан иборат эканини айтди.

“Нашрда айнан раҳбарлар билан ўтказилган суҳбатлар ва уларнинг фотосуратлари ўрин олган. Уларга ҳеч қандай баҳо берилмаган. Рўйхатга киритиш учун улар маълум мезон асосида танланмаган. Рўйхат, асосан, кўп йиллардан бери Ўзбекистон бозорида фаолият юритаётган ўрта ва йирик бизнес ширкатлари, яъни маълум муваффақиятга эришган ширкатлар етакчиларидан иборат”, – деди Елена Кон.

Унинг билдиришича, биринчи нашрда иши энг юришган 100 тадбиркордан фақат эллик нафари билан ўтказилган суҳбатлар ва фотосуратлар эълон қилинган. Иккинчи нашр эса жорий йил охирида чоп этилиши кутилмоқда.

Рўйхатда 2001 йилда ташкил этилган “OY-TEX” тўқимачилик ширкати раҳбари Ойбек Кўчимов ҳам бор.

Ойбек раҳбар бўлган ширкат брезент матоси ишлаб чиқариш билан шуғулланади. “Озодлик” мухбири билан суҳбатда у ўз бизнесини қандай бошлагани ҳақида гапириб: “2000 йилдан олдин банк соҳасида ишладим. Кейин, асосан, савдо соҳасида ишладим. “Бухоро текстил”нинг молини “Отчопар” буюм бозорига олиб келиб сотар эдик. Шу соҳани мустақил ўрганган ҳолда ички бозорда брезент маҳсулотига талаб борлигини билдим ва кейинчалик уни ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим”,- деди.

Айни пайтда “OY-TEX”да 70га яқин ишчи меҳнат қилади. Ойбек Кўчимов айни пайтда дуч келинаётган асосий муаммо ишлаб чиқариш чиқариш кўпайган сари уни сотиш масаласи бўлиб қолаётганини билдирди.

“Масалан, бошида 5000 метр брезент чиқарган бўлсак, кейин 10 минг метр, кейин 100 минг метр ишлаб чиқарадиган бўлдик. Бу бизни фақат ички бозорни эмас, балки ташқи бозорни ҳам ўйлашга мажбур қиляпти. Шуни назарда тутган ҳолда имкон борича ташқи бозорга кириш йўлларини топишни мўлжаллаяпмиз”,- деди тадбиркор.

Иши энг юришган ўзбекистонлик 100 тадбиркор рўйхатида ўрта ва йирик ширкатларга етакчилик қилаётган ўндан ортиқ аёл тадбиркор номи ҳам бор.
XS
SM
MD
LG