Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:51

Фермерлар милициядан қутилиб, солиқчиларга тутилди


Жиззах вилоятида милиция ходимлари бир мунча муддат фермерларни ўз ҳолига ташлаб қўядиган бўлди. Вилоятда жиноятчилик ошгани сабабли улар ўзларининг ҳақиқий касблари билан шуғулланишга қайтди.

Бу хабарни “Озодлик”ка жиззахлик инсон ҳуқуқи ҳимоячилари билдирди. Гап шундаки, Ўзбекистонда фермерларнинг ишларини, ерларнинг қандай чуқурликда ҳайдалганини текшириш, ҳатто далага қанча гўнг чиқарилганини назорат қилиш прокуратура ва милициянинг назоратида бўлади.

Аслида милиция ходимининг ҳам чанг ва тупроқ далада фермер даласига қанча минерал ўғит солаётганини ёки янчилган буғдойнинг қанчасини машинага солиб давлатга топшираётганини пойлаб ўтиришга кўзи учиб тургани йўқ. Лекин илож қанча, унга бошлиқлари томондан шу иш буюрилган.

Хўш, ҳуқуқ-тартибот қўриқчиларининг даладаги вазифаси нима?

“Фермерлар далага нима эккани ёки ҳар йили вилоятда бўладиган селекция йиғилишидан фермерлар бош тортса ëки кечикса, ҳатто уларни куч ишлатиш йўли билан олиб келишга асосий масъул қилиб ички ишлар ходимлари бириктириб қўйилган эди”,- дейди жиззахлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Зиëдулла Раззоқов.

Қорақалпоғистонда узоқ йиллар хўжалик раиси бўлиб ишлаган, ҳозир фермер Қубей оға Ортиқов ҳуқуқ-тартибот ходимларининг билвосита деҳқоннинг ишига аралашаётганидан хафа эканини айтади.

“Инсон сифатида, деҳқон сифатида жуда хафаман. Бунақа сиëсатдан умуман норозиман. Мен ўз еримга жавобгар шахсман. Ҳар бир деҳқон ўз ерига жавобгар. Ахир у шу ердан ўзининг ва бола-чақасининг ризқ-насибасини топади. Лекин бу ëнбошдан келиб қўшилиб давлатнинг сиëсатини ўтказяпман, деган баҳона билан ҳеч нимани билмайдиган орган ходимининг, прокурор ëки милициянинг кераги йўқ. Давлатимиз ўзи зарар кўряпти. Тартибсизликлар кўп. Жиноятчилик кўпайиб кетяпти. Милиция ўзининг асосий ишини қилмай, қонунни назорат қилмай, тартибни сақламай давлатимиз, миллатимиз зарар кўряпти”,- дейди фермер.

Қубей оға яқинда Қўнғирот тумани прокуратураси ходимларидан бири билан содир бўлган ҳаëтий воқеани айтиб берди.

“Битта прокурор ҳокимнинг ëнига: “Мен бир вакил бўлай, мен ҳам деҳқонлар ишини назорат қилай”, деб борибди. Ҳоким: “Боринг, унда бир культиватор чиқаринг. Боринг, сиз фалонча хўжаликка вакилсиз”, дебди. Бу прокурор жуда катта одам экан ўзи. У ўша хўжаликка бориб фермерлардан: “Калькулятор қаерда?” деб сўрабди. Фермерлар елка қисиб ҳайрон бўлибди. Улар: “Бизда калькулятор йўқ”, дейишибди. “Нима учун калькулятор йўқ, муттаҳамлар. Пахта вайрон бўлади. Пахтанинг ичини ҳайдамайсизми”, дебди прокурор. Шунда фермерлардан бири: “Ака, уни “калькулятор” демайди. Уни “култиватор”, дейди дебди”,- ҳикоя қилди фермер.

Қубей оға деҳқоннинг устидан мингта хўжайин пайдо бўлгани, мамлакатда вакилчилик институти юзага келганини таъкидлади.

“Вакилчилик институти қайтадан тикланди. Ҳурматли бош вазиримиз Шавкат Миромонович ташаббуси билан вакилчилик институти тузилди. Энди шунақанги ғирромлик ўйинлари бўляпти ва фермерларга шунақа азоб беряптики, асти қўяверасиз. Лекин фермерлар билан бир қаторда милиция ходимлари ҳам, прокуратура ҳам азоб кўряпти. Бу тузумда яхши одамлар бор. Фаҳм-фаросатли одамлар бор. Мана булар ҳам азоб кўряпти. Айрим йигитларни битта мажлисга қатнашмадинг, деб кетига тепиб ишдан ҳайдаб юбораëтган ҳолатлар ҳам бор. Шавкат аканинг номини эшитганда оëқлари қалтираб ҳеч қаëққа қўзғала олмай қоляпти бу прокуратура ва милиция ходимлари. Бунинг нима кераги бор? Ахир шунча вакиллар юради. Ҳар туманда камида 50 та одам. 50 та одам машина билан юради. Уларнинг бир кунлик харажатини ҳисоблаб кўринг. Қорақалпоғистон бўйича вакилларга кетган харажатларни ҳисобласангиз, ҳар йили битта катта янги мактаб тиклаган бўлар эдик”,- деди Қубей оға.

Қубей оға бу вакиллар ҳаракати қароқчиликка ўхшаб кетаётгани, деҳқон ўз ишини билиб қилса-да, ҳамма нарсани текшираётганидан куйинди.

Хабарларга кўра, энди Жиззах вилоятида фермерларнинг ишларини назорат қилиш учун солиқ инспекцияси ходимлари сафарбар этилган.
XS
SM
MD
LG