Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:58

Юсуф Жума Жаслиққа жўнатилган бўлиши мумкин


Беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган шоир ва мухолифатчи Юсуф Жуманинг соғлиғи ёмонлашган ва у тиббий муолажадан маҳрум қилинган. Бу ҳақда “Озодлик”ка шоирнинг яқинлари маълум қилди.

Шоирнинг турмуш ўртоғи Гулнора Олтиеванинг айтишича, Бухородаги “Отбозор” тергов изоляторида сақланаётган эрининг саломатлиги ёмонлашган.

“Кеча қизим йиғлаб: “Дадамни шифохонага олиб боришган экан. Аҳволлари оғир экан. Соғлиқлари ëмон. Ëтиб даволанмаса аҳволи жуда оғир, деб врачлар айтса, “Отбозор” тергов изолятори ходимлари Юсуф Жумага даволанишга рухсат йўқ”, деб олиб кетишганини кўзи билан кўргани ҳақида смс ёзган экан. Ўша жойдаги врачлардан бири уйга одам жўнаттириб айттирган. Энди билмадик, Жаслиққа олиб кетишибди”,- деди Г.Олтиева.

Гулнора Олтиева оиласига бўлган босимлардан қочиб Ўзбекистонни тарк этган ва айни пайтда уч фарзади билан қўшни мамлакатлардан бирида яшаяпти.

Юсуф Жуманинг синглиси Ҳалима Жумаеванинг билдиришича, улар шоир билан учрашиш учун “Отбозор” тергов изоляторига борган. Бироқ у билан учраша олмаган.

“Биз турмага бордик. Бизга умуман кўрсатишмади ва биз олиб борган егуликларни ҳам қабул қилишмади. Борсак бизларни фақат алдашади. Биз қоронғи тушгунча кутиб ўтирамиз. Акамни Қорақалпоғистонга олиб кетишибди”,- деди Ҳ.Жумаева.

Юсуф Жуманинг яқинлари унинг Қорақалпоғистондаги “Жаслиқ” қамоқхонасига жўнатилганини тахмин қилмоқда. Бу борада “Отбозор” тергов изоляторидан маълумот олишнинг имкони бўлмади. Шоирнинг адвокати Руҳиддин Комилов ҳам бундан бехабарлигини билдирди.

“Биз бу иш бўйича апелляция берилмаслигига уйидагилари билан келишганмиз. Жазони ижро этиш бош бошқармаси орқали 5 йиллик жазони ижро этиш учун жойларга юборилган бўлиши мумкин. Табиий бу. Энди Бухородагилар ушлаб ўтирмайди. Чунки ҳукм кучга кирди. Биз ҳам Қорақалпоғистонга, Навоийга юборибди, деган гапларни эшитган эдик. Энди ҳар хил гап бор”,- деди Р.Комилов.

Юсуф Жума жорий йилнинг апрель ойида ўзи ва ўғли Бобурга нисбатан сохталаштирилган тан жароҳати етказиш ва ҳокимият вакилига бўйсунмаслик айблари билан судланган эди. Шоирнинг ўзи беш йил муддатга қамоқ жазосига хукм қилиниб, ўғли Бобурга эса уч йиллик шартли жазо тайинланди. Январь ойида эса шоирнинг бошқа бир ўғли Машраб тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.

50 ёшли Юсуф Жума “Озодлик”ка берган интервьюларидан бирида тўрт ўғли билан биргаликда И.Каримов режимига қарши ошкора курашаётганини ва бунинг учун доимий босимга учраётганини айтганди.

Шоирнинг рафиқаси Гулнора Олтиева оиласининг диктатор режимга қарши курашганидан фахрланишини айтади.

“Бир ҳезалакка хотин бўлгунча, мард йигитга ўтин бўл, дегандек ëниб юрибмиз. Душманинг бўлса, мард бўлсин. Майдонга чиқиб мардларча олишса, шунинг қўлида ҳалок бўлишга ҳам розиман. Лекин бу зўравонликка ҳеч чидаб тура олаëтганим йўқ. Хўжайиним нимага шунча вақт эзилиб яна Қорақалпоғистонга жўнатилди? Қайси жинояти учун? Ўзбекистонда эркак қолмади. Эркакларнинг ҳаммаси зиндонларда қирилиб ўлиб бўлди. Халқимиз бунчалик қўрқоқ, бунчалик кўр бўлмаса. Жиннини жинни, десанг арпа бўйи ўсармиш, дегандек бу давлат кундан-кунга арпа бўйи ўсяпти. Ҳа дейишга ҳожиси, бе дейишга бўжиси йўқ. ЕИ ҳам, бошқаси ҳам ўз манфаати учун ҳаракат қиляпти. Инсон ҳуқуқи, деб қоғозларни тўлдиришади, холос”,- дея куйинди шоирнинг рафиқаси.
XS
SM
MD
LG