Линклар

logo-print

Россияда ўзбеклар энг кўп ўлдирилмоқда

  • Ҳасанжон

Москва инсон ҳуқуқлари бюроси маълумотига кўра, жорий йилнинг 1 январидан 15 майига қадар Россияда ксенофобия асосида рус бўлмаган миллат вакилларига камида 126 марта ҳужум уюштирилган.

Оқибатда 66 киши нобуд бўлган, 137 одам жароҳатланган. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.

Москва бюроси ижрочи директори Наталья Рикова “Озодлик” билан суҳбатда Россия Ички ишлар вазирлиги ҳисоботида жабрланганлар бундан ҳам кўплигини билдирди. Яъни йил бошидан шу кунга қадар Россияда фақат МДҲ фуқароларидан 76 киши ўлгани, 162 киши жабрлангани расман қайд этилган.

Н.Рикованинг билдиришича, рус бўлмаган миллатлар вакилларига қарши ҳужумлар Москва шаҳри ва вилоятида, шунингдек, Санкт-Петербург шаҳрида, кейин Свердловск, Ульяновск ва бошқа вилоятларда содир этилмоқда.

“Миллатидан келиб чиқиб гапирадиган бўлсак, ҳужумлар энг кўп ўзбекистонликларга қарши уюштирилган. Оқибатда 12 киши ўлган, 10 нафари жабрланган. Иккинчи ўринда қирғизлар, 9 киши ўлган, тожикистонлик ва озарбойжонлардан ҳам олти кишидан ўлган. Руслардан беш киши, қалмиқлардан икки киши ва ҳоказо. Миллатчилар ҳужумидан жабр кўрганлар рўйхати жуда узун”, – деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Н.Рикованинг ўтказилган ижтимоий сўров натижасига асосланиб айтишича, ҳозир Россия аҳолисининг қарийб 50 фоизи у ёки бу кўринишда миллатчилик шиорларини қўллаб-қувватламоқда. Ўз навбатида, бу шовинистик йўналишдаги бирлашмалар ташкил этиш учун туртки бўлади. Айни пайтда Россиянинг ҳуқуқ-тартибот органлари бунга панжа ортидан қарамоқда.

“Сўнгги йилларда Москва прокуратураси ва вилоятлар прокурорлари бундай акциялар ўтказилишига бепарволик билан қарамоқда ва жиноят иши очиш ва текширув ўтказишдан бош тортмоқда. Масалан, миллатчиларнинг 1 май кунги акциясида мигрантларга қарши шиорлар айтилди. Бир неча кун ўтиб Москвада фаррош бўлиб ишлаётган икки ўзбекистонлик ваҳшийларча ўлдирилди. Эр-хотин вафотидан кейин уч бола етим қолди. Ҳуқуқ-тартибот органлари бу қотиллик тақирбошлар томонидан содир этилганга ўхшашини тан олди. Ундан олдин Москва прокурори Юрий Сёмин миллий нафрат асосида содир этилаётган жиноятлар кўпаймаганини айтган эди”, – дейди россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Унинг таъкидлашича, ўзбекистонликларнинг бошқа мамлакатлардан келганларга нисбатан энг кўп ўлдирилгани ҳеч қандай сабабга эга эмас. Афсуски, келаси ойларда бошқа давлат фуқаролари энг кўп ўлдирилиши мумкин.

“Менимча, Федерал ва регионал ҳукуматлар расмийлари ва фуқаровий жамият ташкилотлари мувофиқ ҳолда чоралар кўрмагунча, Россияда ксенофобия ва жанговор миллатчиликнинг кучайишини тўхтатиш, этник камситишга қарши амалда кураш олиб бориш имконсиз ва самарасиз. Бизнингча, ҳукумат миллий сиёсатнинг устивор мақсадларини белгилаб олиши лозим. РФ ижроия ҳокимияти ҳузурида миллий сиёсатни ишлаб чиқишга масъул бўлган ташкилот тузиш керак”, – деди Наталья Рикова.
XS
SM
MD
LG